Судлар фаолиятини рақамлаштириш — давр талаби

Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.
Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек, одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш Ўзбекистон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишларидан бири сифатида белгиланди.
Ўтган қисқа даврда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд-ҳуқуқ тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилди.
2017 — 2025 йилларда Олий суд томонидан 280 дан ортиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ишлаб чиқилиб, суд тизимига оид 65 дан зиёд қонун, Фармон ва қарорлар қабул қилинди. Улар асосида суд тизими тубдан такомиллаштирилди.
Бу ҳужжатлар билан “Инсон қадри учун” Қояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматининг самарали ҳимоясига йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришилмоқда.
Шу орқали халқимиз, жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, “Янги Ўзбекистонда — янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш, соҳага илғор халқаро мезонларни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 16 январдаги “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб қатнашиш имкониятларини кенгайтириш вазифалари қўйилган эди.
2023 — 2026 йилларда суд тизимини сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли Стратегияси ва уни амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар дастури билан суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга қаратилган кенг қамровли чора-тадбирлар белгиланди.
Ана шу вазифалардан келиб чиқиб, бугунги кунда судларни рақамлаштириш ишлари халқаро стандартларга мувофиқлаштирилмоқда. Судларда ишларни кўриб чиқишда адолатни, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш учун “Электрон одил судлов” тизими жорий этилди.
Судьялар ўртасида ишларни инсон омилисиз, автоматик равишда тақсимлаш, судларга электрон мурожаат ва суд ҳужжатларини тарафларга электрон шаклда юбориш, суд мажлисларини аудиоёзувда қайд этиб бориш, суд қарорларини интернет тармоғида эълон қилиш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятини кенгайтириш каби замонавий ёндашувлар натижасида одил судлов самарадорлигига эришилмоқда.
Ҳозирда судларнинг ахборот тизими билан вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимлари ўртасида маълумотларни электрон шаклда олиш тартиби амалиётга жорий этилиб, улар билан маълумотлар алмашинуви тўлиқ йўлга қўйилди.
Бугунги кунда Олий суднинг Интерактив хизматлар портали ишга туширилиб, у орқали фуқароларга 49 турдаги интерфаол хизматлар кўрсатилмоқда. Унда жисмоний ва юридик шахслар учун судларга электрон шаклда мурожаат қилиш, суд харажатларини электрон тарзда тўлаш, қонуний кучга кирган суд қарорлари билан танишиш, ишлар ҳолатини онлайн кузатиб бориш, суд чақирув қоғозини электрон олиш, суд мажлиси жадвали билан онлайн танишиб бориш, дунёнинг исталган нуқтасидан туриб суд мажлисларида мобиль видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш каби интерфаол хизматлар жорий қилинди.
Айни пайтда судлар фаолиятига фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, суд ҳужжатлари лойиҳаларини автоматик тайёрлаш ва суд амалиётини таҳлил қилиш йўналишида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Инсонпарварлик тамойиллари устувор
Суд ишларини юритишда янги институтлар киритилганлиги судлар учун муҳим ислоҳотлар сифатида ўрин олди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 10 июндаги “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан инсон ҳуқуқларини суд орқали ҳимоялаш тизимини янада такомиллаштириш, жиноят иши юритувида инсонпарварлик тамойиллари асосида “Хабеас корпус” институтини янада кенг татбиқ этиш мақсадида 2025 йил 1 январдан тергов судьялари институти миллий амалиётга жорий қилинди.
Тергов судьяси институтининг амалиётга жорий этилиши тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтиришга, судлар фаолияти самарадорлигини оширишга, жиноят ишларини кўришда одил судлов сифатини юксалтиришга замин яратмоқда.
Айни пайтда суд-тергов жараёнларида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ютуқларидан фойдаланган ҳолда самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш бўйича ҳам тегишли ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, электрон (рақамли) далил тушунчасини киритиш, электрон далилларни аниқлаш, тўплаш, тақдим қилиш, текшириш, баҳо бериш, қайд этиш, сақлаш тартиблари ҳамда бу жараён иштирокчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашга оид масалалар назарда тутилган.
Давлат органлари қарорлари ва улар мансабдор шахсларининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан фуқароларнинг судга шикоят қилиш ҳуқуқининг конституциявий кафолатларини амалга оширишни таъминлаш маъмурий судлов фаолиятининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Давлат органларининг ҳамда бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилишда давлат божини фуқаролардан олдиндан ундирмасдан, ушбу божни ишни кўриб чиқиш натижаларига кўра айбдор тарафдан ундириш тартиби белгиланиб, давлат божи ставкаси БҲМнинг 70 фоизи миқдорида пасайтирилди. Бунгача давлат божи ставкаси БҲМнинг 1 бараварида бўлган.
Амалга оширилган ислоҳот туфайли аҳолининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари суд тартибида ҳимоя қилинишини таъминлашга тўсиқ сифатида кўрилган давлат божи мурожаат вақтида тўланиши бекор қилинди.
Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг одил судловдан фойдаланиш ҳамда давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг, улар мансабдор шахсларининг қонунга хилоф қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан маъмурий судларга мурожаат қилиш имконияти кенгайишига замин яратди.
Ислоҳот натижасида 2025 йилнинг биринчи ярмида маъмурий судларга фуқаролар томонидан берилган 5 621 та аризадан олдиндан тўланиши лозим бўлган 1 млрд. сўм давлат божи ундирилмаган ҳолда, кейинчалик иш натижаси бўйича пасайтирилган ставкада 694,6 млн. сўм ундирилган.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартларга мувофиқлаштириш мақсадида Маъмурий суд иш юритувини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди.
Концепцияда илғор хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, янги таҳрирдаги Маъмурий суд ишлари юритиш тўғрисидаги кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш, унда маъмурий суд иш юритувига даъво институтини киритиб, даъво турларини аниқ белгилаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг маъмурий ҳужжатга бўлган ишончини ҳимоя қилишда етказилган зарарни ундириш тартибини белгилаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро — аризачининг хоҳишига кўра экстерриториал судловга тегишлилик механизмини жорий этиш назарда тутилди.
Бугунги кунда тузилган Идоралараро комиссия томонидан кодекс лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Тадбиркорлар манфаатини қўллаб-қувватлашда изчил сиёсат
Президентимизнинг шу йил 20 август куни тадбиркорлар билан бўлган очиқ мулоқотда “Эндиликда тадбиркорлар иқтисодий ва маъмурий судларга экстерриториал тартибда мурожаат қилиши мумкин бўлади” деган сўзлари тадбиркорлар манфаатини қўллаб-қувватлашда изчил сиёсат олиб борилаётганининг исботидир.
Ислоҳотлар самараси ўлароқ, хусусий мулкка эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита чеклашни назарда тутувчи, мулкий муносабатларда бозор иқтисодиёти тамойилларини тўлиқ жорий этишга тўсиқ бўлувчи тартиблар, талаблар ва чекловлар бекор қилинди.
Хусусан, ер участкалари бўйича ҳуқуқнинг вужудга келиши учун асос бўлган ҳужжатларни, шу жумладан, Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ҳужжатларини уларнинг ўзи ёки юқори турувчи орган ва мансабдор шахслар томонидан, шунингдек, прокурор протести асосида бекор қилиш йўли билан ер участкасига бўлган ҳуқуқни тугатиш амалиётига чек қўйилди. Ушбу ҳужжатлар эндиликда фақат суд томонидан бекор этилиши ёки ҳақиқий эмас, деб топилиши белгиланди.
Давлатимиз раҳбари томонидан жорий йилнинг 21 август куни имзоланган “Судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали одил судловга эришиш даражасини ошириш ҳамда суд тизимининг моддий-техник таъминотини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг изчил давоми сифатида судлар учун тарихий ҳужжат бўлиб кирди.
Мазкур Фармон “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтиши белгиланган Мустақиллигимизнинг 34 йиллиги байрами арафасида халқимиз учун, Ватанимиз истиқболи учун инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш борасида туҳфа бўлди.
Фармон билан суд-ҳуқуқ тизимининг самарадорлигини ошириш мақсадида замонавий технологиялар, хусусан, сунъий интеллект ва ахборот-коммуникация технологияларини кенгроқ жорий этиш назарда тутилган.
Ушбу технологиялар бюрократик тўсиқларни камайтириш, айниқса, сунъий интеллектга асосланган “ақлли” технотизимлар орқали аризаларни электрон тарзда қабул қилиш, ҳужжатларни автоматлаштирилган тарзда кўриб чиқиш ва суд қарорларининг шаффофлиги таъминланади.
Суд ишларини юритишда қоғоз шаклидан воз кечиш мақсадида “Рақамли суд” концепцияси асосида ишларнинг юритилишини тўлиқ электрон шаклга ўтказиш, жорий йил якунига қадар тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида барча рақамли имкониятни ўзида мужассам этган замонавий суд заллари ташкил қилинади. Тажриба натижалари асосида концепция 2026-2027 йилларда босқичма-босқич республиканинг барча судларида татбиқ этилади.
Бундан ташқари, фуқаролар ва тадбиркорларга қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида мурожаатлар судга фақатгина электрон шаклда юборилади, бу билан фуқаролар ва тадбиркорлар судга ариза ёки даъво аризасини қоғоз шаклида суд девонхонасига шахсан бориб топшириш тартибларига барҳам берилади.
Яна бир муҳим қулайлик — ишда иштирок этувчи шахслар суд биносига атайлаб бормайди ва суд муҳокамаларида масофадан туриб қатнашади, суд харажатлари электрон шаклда ҳисобланади ва тўланади. Бу янги тартиб тизимда коррупция ҳолатларини кескин камайтиришга ёрдам беради.
Энг муҳим янгилик, бу — тарафлар судга ариза беришдан олдин сунъий интеллект ёрдамида суд муҳокамасининг тахминий натижаси ҳамда сарфланадиган харажатларни шакллантириш йўлларини ўрганиб, суд иши бошланмасдан олдин унинг тахминий натижасини билиш имконияти яратилмоқда.
Бундан ташқари, тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга суд жараёнларида ишга доир материаллар билан электрон шаклда танишиш имконияти яратилади, сунъий интеллект ёрдамида суд мажлиси баённомалари реал вақт режимида матн шаклида тайёрланади. Суд ҳужжатлари лойиҳалари ҳам автоматик шакллантирилади.
Истиқболдаги режалар ижроси — муҳим дастур
Фармон билан суд соҳасини рақамлаштиришнинг истиқболдаги режалари белгиланиб, 2025 — 2027 йилларга мўлжалланган суд соҳасини рақамлаштириш ва одил судлов жараёнларига замонавий ахборот технологияларини жорий этиш дастури тасдиқланди. Унга кўра:
— 2025 йил 1 декабрдан бошлаб фуқаролар, адвокатлар, юристлар, судьялар учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таҳлил қилиш платформасини ишга тушириш;
— 2025 йил якунига қадар суд ҳужжатларини автоматик тайёрлаш махсус ахборот дастурини яратиш;
— 2026 йил 1 январдан бошлаб “my.sud.uz” интерфаол хизматлар порталида фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш модули жорий этилади, бунда сунъий интеллект асосида ишлайдиган виртуал маслаҳатчини яратиш, ҳуқуқий мурожаатларга жавоб бериш ҳамда суд маълумотларини автоматик етказиш;
— 2026 йил 1 мартдан бошлаб фуқаролик, маъмурий, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар бўйича дастлабки суд маълумотларини фуқаролар Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали олиш;
— 2026 йил якунига қадар фуқароларга одил судловга эришишда қулай имкониятлар яратиш мақсадида 5 та янги интерфаол хизматни йўлга қўйиш, шунингдек, суднинг ахборот тизимидаги “Шахсий кабинет” платформасининг фойдаланувчилар учун сунъий интеллект технологияларига асосланган ва янада қулай бўлган янги версиясини ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Иқтисодий судлар тизимини оптималлаштириш мақсадида, 2026 йил 1 январдан бошлаб туманлараро, туман, шаҳар иқтисодий судлари тугатилади ва Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ҳамда Тошкент шаҳрида туманлараро иқтисодий судлар ташкил этилади.
Шунингдек, судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик учун қўлланилган жарималарни онлайн кузатиш, уларнинг тўлов муддатлари ҳақида огоҳлантириш ва тўловларни электрон амалга ошириш имконини берувчи мобиль дастур ишлаб чиқилади.
Судда қатнашувчи шахслардан ортиқча маълумотлар талаб этилишига чек қўйиш мақсадида “Рақамли ҳукумат” тизими идоралараро интеграциялашув платформасида мавжуд маълумотларни судларнинг ахборот тизимлари билан тўлиқ интеграция қилиш чоралари кўрилади.
Фармонда судларнинг моддий-техника базасини яхшилаш ҳамда судьялар ва суд ходимларининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилган. Шунга кўра, 2025 — 2030 йилларда суд биноларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.
Янги суд биноларини қуришда ва мавжудларини мукаммал таъмирлашда “Рақамли суд” концепцияси асосида суд мажлиси залларини ташкил этиш ҳамда аҳоли ва судьялар учун қулай ҳамда замонавий шарт-шароитлар яратишга алоҳида эътибор қаратиш белгиланди.
Судлар фаолияти очиқлигини таъминлаш борасида муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Судлар фаолияти ҳақида жамоатчилик ва оммавий ахборот воситаларини хабардор қилиш мақсадида ҳар чоракда вилоят судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан брифинглар ўтказиш амалиёти йўлга қўйилди.
Қабул қилинган суд ҳужжати ўқиб эшиттирилганидан сўнг унинг мазмун-моҳияти суд процесси иштирокчиларига тушунтирилмоқда, судлар чиқарган қарорлар Олий суд веб-сайтида мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.
Олий судда Жамоатчилик билан ҳамкорлик маркази (PR марказ) ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судларда матбуот хизматларининг ташкил этилганлиги аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш ва суд ҳокимиятининг очиқлигини ошириш йўлида кўрилган муҳим чора бўлди.
Суд муҳокамаси ошкоралиги, судлар фаолияти тўғрисида жамоатчиликка ўз вақтида ва объектив ахборот бериш жамиятда ҳуқуқий хабардорлик даражаси кенгайишига имкон яратади ва ўз навбатида, судлов фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлаш ҳамда судга нисбатан жамият ишончини мустаҳкамлашнинг самарали воситаси ҳисобланади.
Суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро майдонда суд мустақиллиги, қонун устуворлиги ва одил судлов самарадорлиги бўйича халқаро рейтингларда Ўзбекистоннинг нуфузи ошишига ҳам ўз ҳиссасини қўшмоқда.
Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш ҳамда суд ишларини кўришни соддалаштириш мақсадида, судлар фаолиятига сунъий интеллект технологияларини жорий қилиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, рақамлаштириш ишларини изчил давом эттириш, судларнинг моддий-техник таъминотини яхшилаш, шунингдек, “Рақамли суд” концепциясини босқичма-босқич амалга ошириш олдимизда турган муҳим вазифалардир.
Бахтиёр ИСЛОМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг