“Сиз ЮНЕСКОнинг ҳимоя ҳудудида турибсиз”

00:49 20 Январь 2022 Жамият
650 0

Фото: Халқ сўзи

Самарқанднинг тарихий маркази ва унга алоқадор ёдгорликлар 2001 йилда “Маданиятлар чорраҳаси” номи билан ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ушбу ҳудудлар инсоният бойлиги сифатида асраб-авайланади. Бу тарихий ёдгорлик ва иншоотлардан фойдаланиш, таъмирлаш ва реставрациялаш ишларини олиб бориш юзасидан белгиланган тартиб-меъёрлар бор. Уларга амалга қилиш эса, албатта, мажбурий.

— Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Самарқанд вилоятининг туризм салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида Самарқанд шаҳрининг ЮНЕСКО ҳимоясидаги тарихий қисми буфер ва қўриқланувчи ҳудудида видеокузатув камералари, объект тўғрисида маълумот, ҳудуд харитаси, ҳимоя зонасига ташриф буюрувчиларнинг мажбуриятлари, ушбу қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик тўғрисида маълумот, шу жумладан, QR-код орқали топиш имкониятини берадиган маълумотларни Интернетга жойлаштириш, ахборот бурчакларини ўрнатиш бўйича топшириқлари берилган, — дейди Самарқанд вилоят ҳокими ўринбосари — туризм ва спорт бош бошқармаси бошлиғи Р. Қобилов. — Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 23 февралдаги тегишли қарорида ҳам Самарқанд вилояти ҳокимлигига ЮНЕСКО томонидан ҳимояга олинган буфер ва ҳимоя зоналарининг чегаралари тўғрисида ахборот берувчи кўрсаткичларни ўрнатиш вазифаси юклатилган эди. Ана шу топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугунги кунда Самарқанд шаҳрида 55 та харита кўрсаткичлари ўрнатилди. Уларда буфер ва ҳимоя зоналарининг чегаралари белгиланган харита, ҳудудда жойлашган тарихий бино ва иншоотлар, яқин-атрофдаги обидаларга оид маълумотлар жойлаштирилган. Шунингдек, ҳар бир ахборот-кўрсаткичда QR-код мавжуд ва у орқали объект тўғрисида маълумот олиш мумкин. Муҳими, “Сиз ЮНЕСКОнинг ҳимоя ҳудудида турибсиз” ёзуви акс этган эслатма ҳар бир ташриф буюрувчини белгиланган мажбуриятларни унутмасликка ундайди.

Яна бир янгилик – шаҳарнинг Йўлбарслар хиёбонида Соҳибқирон Амир Темур Самарқандда бунёд этган боғлари ҳақида маълумот берувчи лавҳалар ўрнатилди. Ўзбек, рус ва инглиз тилида ёзилган бу маълумотлар орқали маҳаллий ва хорижий сайёҳлар буюк жаҳонгирнинг боғ яратиш санъати бўйича қимматли маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер