Сирдарёдаги ИЭСда кузатилган носозлик сабаб айрим ҳудудлар вақтинча электрсиз қолиши мумкин
Фото: «Uzbekistan Airports»
Сирдарё вилоятидаги «ACWA Power» компаниясининг 1500 МВт қувватли иссиқлик электр станциясида носозлик кузатилгани маълум бўлди. Бунинг ортидан айрим ҳудудларда электр таъминотида вақтинча узилишлар кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, Саудия Арабистонининг «ACWA Power» компанияси томонидан фойдаланишга топширилган қуввати 1500 МВт бўлган замонавий иссиқлик электр станциясининг 2-сонли газ турбинасида ротор носозлиги кузатилган.
Станция ишини тезкор тиклаш мақсадида, инвестор ҳамда ишлаб чиқарувчининг кафолатли шартномавий мажбуриятларига асосан Япониянинг «Mitsubishi» компаниясида янги ротор қисқа муддатда тайёрланиб, махсус рейс билан 8 декабрь куни Тошкент халқаро аэропортига олиб келинган. Оғирлиги 114 тонна бўлган қурилма аэропортдан тўғридан-тўғри электр станцияси майдонига етказилган.
Қайд этилишича, янги роторни ўрнатиш ва синов-созлаш ишлари тахминан бир ой вақт талаб қилади. Бу қувватларни қоплаш мақсадида қўшимча захирадаги ва янги ишга туширилаётган блоклардан фойдаланиляпти.
Ҳозирги кунда ҳаво булутли (кам қуёшли) бўлаётганлиги ва кунлар қисқалиги ҳисобидан қуёш фотоэлектр станциялари орқали электр энергиясини ишлаб чиқариш камайган. Шу сабабли, ишлаб чиқариш ва истеъмол балансини тартибга солиш, уларнинг мувозанатини сақлаш мақсадида айрим ҳудудларнинг электр таъминотида асосан истеъмол ортган паллаларда (17:00-21:00 лар оралиғида) қисқа муддатли узилишлар кузатилиши мумкин.
«Агар бунга зарурат туғилса, истеъмолчилар олдиндан хабардор қилинади. Бундай чоралар электр таъминоти барқарорлиги ва хавфсизлигини таъминлашга қаратилган. Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз», дейилади вазирлик хабарида.
Қўшимча қилинишича, янги ротор газ турбинасига ўрнатилгач, станциянинг ишлаб чиқариш қуввати тикланади ва электр таъминотида вақтинча кўрилаётган чораларнинг олди олинади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Австралияда 16 ёшгача бўлган ўсмирларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланиш тақиқланди
- Учинчи Ренессансга элтувчи маърифат кўприги: Ўзбекистон—Покистон ҳамкорлигининг янги босқичи
- Муҳаммад Салоҳ фаолиятини Саудияда давом эттириши мумкин
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг