«Сирдарё» божхона постида замонавий назорат тизими жорий этилди

11:34 09 Январь 2026 Жамият
383 0

«Сирдарё» чегара божхона постига «З-Портал» русумли замонавий инспекцион кўрик мажмуаси ўрнатилди. Натижада ташқи савдо юклари ортилган автотранспорт воситалари ҳаракати жадал бўлган ушбу божхона постида ўтказувчанлик сезиларли даражада ошди. Шу билан бирга, божхона расмийлаштирувига сарфланадиган вақт қисқариб, назорат самарадорлиги бир неча баробарга юқорилади.

— Аввал «Раписcан М-60» русумли инспекцион-кўрик мажмуасидан фойдаланиб келар эдик, — дейди «Сирдарё» чегара божхона пости бошлиғи ўринбосари, майор Соҳибжон Солиев. — Ушбу ускуна орқали бир кеча-кундузда постдан ўтадиган 400–450 та автотранспорт воситасидан ўртача 45–50 тасинигина тўлиқ божхона назоратидан ўтказиш имконияти мавжуд эди. Энди эса АҚШда ишлаб чиқарилган «З-Портал» замонавий рентген қурилмаси ўрнатилиши натижасида пост орқали мамлакатимизга кириб келаётган барча автотранспорт воситалари қисқа вақт ичида самарали божхона назоратидан ўтказилмоқда.

Маълум қилинишича, «Сирдарё» чегара божхона постида рентген қурилмалари ёрдамида 2025 йил давомида 26 та ҳолатда жами 6,5 миллиард сўмлик ноқонуний товар-моддий бойликлар аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер