“Ўзбекнефтгаз” раисига коррупцияни олдини олиш бўйича ўринбосар тайинланади
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти фаолиятининг келгусидаги вазифалари ва режалари юзасидан тақдимот билан танишди.
Энергетик хавфсизликни таъминлаш ва иқтисодиёт тармоқларига энергия ресурсларини узлуксиз етказиб бериш мамлакат тараққиётининг муҳим омилларидан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, газ соҳасида ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва геология-қидирув ишларини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тақдимотда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти олдида турган энг асосий вазифа табиий газ захираларини ошириш ва қазиб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш экани қайд этилди. Компания кунлик газ қазиб чиқариш ҳажмини 66 миллион куб метрдан 70 миллион куб метрга кўпайтириш, бу йил камида 25,4 миллиард куб метр газ қазиб чиқариш чораларини кўриши зарурлиги таъкидланди.
Мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Газ захираларини ўстириш учун янги истиқболли инвестиция блокларини шакллантириш, инвесторларга берилган айрим майдонларда эса ишларни жадаллаштириш ва самарадорлигини ошириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Нафта ишлаб чиқариш ҳозирда қувватнинг 70 фоизида амалга оширилаётгани, маҳсулот эса 50 фоиз арзон нархларда экспорт қилинаётгани кўрсатиб ўтилди. Нафтадан полимер маҳсулотлари ишлаб чиқарилса, қўшилган қийматни 6 карра ошириш имконияти борлигини ҳисобга олиб, мавжуд қувватларни тўлиқ ишлатиш чораларини кўриш топширилди.
“Ўзбекнефтгаз”нинг молиявий ҳолатини яхшилаш чора-тадбирлари ҳам кўриб чиқилди.
Йиғилишда нефть-газ соҳасида ўғрилик ва коррупция ҳолатларига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Соҳадаги коррупцион хавфларни олдини олиш мақсадида “Ўзбекнефтгаз” тузилмасида раиснинг алоҳида ўринбосари лавозими киритилиб, комплаенс ва коррупцияга қарши ички назорат хизмати ташкил этилди. Тизимдаги ҳар қандай ноқонуний ҳолатни тезкор аниқлаш ва олдини олиш бўйича самарали тизим яратиш вазифаси қўйилди.
Президентимиз нефть-газ соҳасида трансформацияни чуқурлаштириш, газ захиралари ва қазиб олиш ҳажмларини ошириш, молиявий интизомни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистон Президенти ва халқига Янги йил байрами муносабати билан самимий қутловлар келмоқда
- Хорижий валюталарнинг ўзбек сўмига нисбатан Янги йилдан кейин амалда бўладиган қиймати эълон қилинди
- Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табриги
- Шавкат Мирзиёев Янги Тошкентдаги “Шарқ баҳори” турар жой мажмуасининг қурилиш майдонига ташриф буюрди
- Ўзбекистоннинг Ғазодаги вазиятга нисбатан ҳозирги аниқ позицияси қандайлиги айтилди
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг