«Шахсий хабарлар энди шахсий эмасми?» — Telegram'ни жосуслик воситасига айлантирувчи қонун муҳокамада

23:04 14 Октябр 2025 Дунё
302 0

Telegram мессенжери барча франциялик фойдаланувчиларига Европа Иттифоқида муҳокама қилинган «Chat Control» (чатларни назорат қилиш) қонунига оид огоҳлантирув хабарини юборди. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров ўзининг Telegram'даги шахсий каналиda маълум қилди.

Дуровнинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи фуқароларнинг шахсий ҳаёти дахлсизлигини деярли ман этиш арафасида бўлган. Янги қонун қабул қилинса, мессенжерлар ҳар бир шахсий хабарни автоматик равишда текшириши — фойдаланувчилар телефонларини кузатув қурилмасига айлантириши мумкин эди.

Маълум қилинишича, мазкур ташаббусни Франция ҳукумати илгари сурган. Мамлакатнинг собиқ ва амалдаги ички ишлар вазирлари Брюно Ретайо ҳамда Лоран Нюньес қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаган. Улар шу йил март ойида полиция Франция фуқароларининг шахсий хабарларини кўра олиши кераклигини айтганди. Шунингдек, Республикачилар партияси ва президент Эммануэль Макроннинг «Renaissance» гуруҳи ҳам қонунни ёқлаб овоз берган.

Расмийларга кўра, ташаббус жиноятчиликка қарши курашиш мақсадида ишлаб чиқилган. Аммо Дуров «бу чоралар аввало оддий фуқароларнинг эркинликларига таҳдид солади» деган фикрни илгари сурган.

«Жиноятчилар VPN ёки махсус веб-сайтлар орқали кузатувдан осонгина қочиши мумкин. Бунда полиция ва давлат амалдорларининг ёзишмалари ҳам назоратдан мустасно бўлади. Яъни фақат оддий одамларнинг шахсий маълумотларигина ошкор этилади», дейди мессенжер асосчиси.

Унинг қайд қилишича, бу гал Германиянинг кескин позицияси фуқароларнинг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиб қолган. Аммо хавф ҳали бутунлай бартараф этилгани йўқ — Франция етакчилари шахсий ёзишмаларга тўлиқ киришни талаб қилишаётган бир пайтда, европаликларнинг асосий эркинликлари ҳамон сўроқ остида турибди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер