Сенаторлар томонидан Марказий банк ҳисоботи эшитилди

Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Сенатнинг 52-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2023 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Қайд этилганидек, Марказий банк 2023 йилда инфляцияни жиловлаш ҳамда банк тизимининг молиявий барқарорлигини мақбул даражада таъминлаш, вужудга келиши мумкин бўлган хатарларнинг банклар капитали ва ликвидлигига салбий таъсирларини минималлаштиришга йўналтирилган ўзаро мувофиқлашган пул-кредит ва макропруденциал сиёсат олиб борди.
Хусусан, тижорат банкларидаги миллий валютадаги депозитлар қолдиғи 2022 йилга нисбатан 1,3 баробарга ошиб, қарийб 170 трлн сўмни ташкил этди.
Жисмоний шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,4 баробарга ўсиб, 64 трлн сўмга, юридик шахсларнинг депозитлари қолдиғи 1,2 баробардан кўпроқ ошиб, қарийб 106 трлн сўмга етди.
2023 йилнинг I чорагидан бошлаб инфляция даражасининг пасайиш тенденциясига ўтганлиги сабабли 2023 йил март ойидан асосий ставка 15 фоиздан 14 фоизга пасайтирилди.
Пул-кредит соҳасидаги ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасини юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини бериб, 2023 йил якунлари бўйича инфляция даражаси 8,8 фоиз атрофида шаклланди.
Макропруденциал чоралар натижасида 2023 йил якунлари бўйича банк тизимида регулятив капитал миқдори 106 трлн сўмни ва таваккалчиликка тортилган активлар 604 трлн сўмни, капитал етарлилиги кўрсаткичи 17,5 фоизни (минимал талаб 13 фоиз) ташкил этди.
Ҳисобот йилида тадбиркорлик фаолиятини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадларига 251,4 трлн сўм ёки 2022 йилга нисбатан қарийб 24 фоизга кўп кредит маблағлари йўналтирилиб, жами кредит қўйилмалари қолдиғи қарийб 497 трлн сўмга етди.
Аҳолига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 2022 йилга нисбатан 47 фоизга кўпайиб, 148,2 трлн сўмни, тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредит қўйилмалари қолдиғи 15,3 фоизга ўсиб 348,5 трлн сўмни ташкил этди.
Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида тижорат банклари томонидан 472 мингдан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишга 10 трлн сўмга яқин имтиёзли кредитлар ажратилди.
Ҳисобот йилида банклар томонидан активлар бўйича 13,1 трлн сўмлик қўшимча захиралар яратилган ҳамда муаммоли кредитларни захиралар билан қопланиш даражаси 4 фоиз бандига ошиб, 2024 йил 1 январь ҳолатига 85 фоизга етказилди.
Банк карталари фойдаланувчилари учун “Humo” ва “Uzcard” банкоматлар тармоғи ўзаро интеграция қилиниб, мазкур банкоматлардан муқобил фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратилди.
Шу билан бирга, сенаторлар Марказий банк томонидан амалга оширилиши лозим бўлган қатор вазифаларга эътибор қаратиб, фуқароларнинг банк карталаридан турли фирибгарлик йўллари билан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам берилмаганлиги, “Humo” ва “Uzcard” тўлов терминаллари тизимини интеграция қилиш ишлари якунланмаганлиги, муаммоли кредитларнинг умумий кредит портфелидаги улуши деярли ўтган йилги даражада сақланиб қолаётганлигини қайд этдилар.
Марказий банкнинг 2024 йилги фаолиятида базавий инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш, нархлар барқарорлигини таъминлаш, тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш ва хизматлар кўламини кенгайтириб бориш ҳамда пул маблағлари фирибгарлик йўли билан ечилишининг олдини олишга қаратилган киберхавфсизлик чораларини кучайтириш борасида ишларни амалга ошириш бўйича таклифлар билдирилди.
Муҳокамадан сўнг сенаторларнинг таклифлари мужассамланган Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Фото: Хасан Пайдоев / «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-сессиясига тайёргарлик авжида
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тартиби белгиланди
- Марказий Осиё педагоглари Нукусда жам бўлди
- Ҳудудларда 34 та юқори технологияли саноат лойиҳалари амалга оширилади
- Эндиликда муддати ўтган товарларнинг сотилиши автоматик равишда чекланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг