Рақамли келажак учун янги «йўл харитаси»
Бугунги кунда дунё иқтисодиёти нафақат табиий ресурслар, балки маълумотлар ва алгоритмлар устига қурилмоқда. Шу сабабли, ҳозирги глобал иқтисодиётда рақобатга чидамли бўлиш учун малакали касб эгалари ва мутахассислар, замонавий технологиялар ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканини унутмаслик лозим.
Мамлакатимизда IT, сунъий интеллект (СИ), финтех, консалтинг, транспорт-логистика каби катта даромад келтирадиган сервисларни кўпайтириш, қишлоқ хўжалигида унумдорликни ошириш учун биомуҳандисликдан кенг фойдаланиш, илғор агротехника ва сув тежайдиган усулларни фаол қўллаш, “яшил” энергетика, чиқиндисиз ишлаб чиқаришга ўтиш каби мақсадлар кун тартибига қўйилган. Бу эса келгуси беш йилда иқтисодиётимиз ҳажмини 240 млрд. доллардан ошириш имконини беради.
Яқинда Президентимиз раислигида ўтказилган рақамли технологияларни ривожлантириш соҳасида эришилган натижалар ҳамда 2026 йилга мўлжалланган устувор вазифаларга бағишланган тақдимотда белгилаб берилган муҳим йўналишлар юртимизнинг рақамли келажаги учун янги “Йўл харитаси” бўлиб хизмат қилади. Эндиликда мамлакат рақамлаштириш соҳасида фақатгина бошқаларга етиб олиш эмас, балки минтақада трендларни белгилаш ва етакчи бўлиш босқичига ўтди.
Ўзбекистоннинг стартап экотизими сўнгги йилларда мисли кўрилмаган ўсиш динамикасини кўрсатди. Экспертлар баҳолашига кўра, соҳанинг қиймати 3,9 млрд. долларга етгани бу шунчаки рақам эмас, балки халқаро инвесторларнинг мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятига бўлган ишончидир. 750 дан ортиқ стартап ҳамда 180 млн. доллардан ортиқ венчур инвестициялари, бу — пойдевор холос. 2030 йилгача белгиланган 5000 та стартап мақсади эса мамлакатимизни “инновациялар фабрикаси”га айлантиришни кўзда тутади.
Ислоҳотларнинг халқаро эътирофи
Айтиш жоизки, 2026 йилнинг январь ойи юртимиз учун тарихий хушхабар билан бошланди. Ўзбекистон дунёдаги энг тез ўсаётган иккинчи стартап экотизими ва Марказий Осиёнинг мутлақ етакчиси сифатида эътироф этилди. Бу шунчаки рейтинг эмас, балки охирги йилларда амалга оширилган тизимли ислоҳотларнинг халқаро тан олинишидир.
Энг муҳими, мақсад нафақат сонда, балки сифатда ҳам намоён бўлмоқда. 200 та стартапнинг экспорт бозорларига чиқиши мамлакатимизнинг интеллектуал маҳсулот етказиб берувчи глобал иштирокчига айланишини англатади. Икки млрд. долларлик венчур инвестициялари эса Ўзбекистонни хорижий инвесторлар учун ишончли ва истиқболли давлат сифатида мустаҳкамлайди.
Кези келганда айтмоқчимизки, Ўзбекистон жорий этаётган тўрт босқичли янги тизим соҳадаги муаммоларга ечим берди. Бунда илк қадамларни грантлар билан ташлаш, маҳсулотни яратиш учун солиқ имтиёзлари бериш, қўшма молиялаштириш орқали бозорга киришни тезлаштириш, экспорт харажатларини қоплаш билан халқаро майдонга олиб чиқиш муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди. Бундай яхлит занжир ёш тадбиркорларга нафақат сармоя, балки муваффақиятга бўлган институционал кафолатни ҳам тақдим этди.
Хизмат кўрсатишдан интеллектуал моделгача
Электрон ҳукумат соҳасида Ўзбекистон хизмат кўрсатиш моделидан интеллектуал моделга ўтаётгани ҳам катта ютуқ. Рақамли хизматлар сонини 900 тага етказиш ва 50 дан ортиқ хизматларда сунъий интеллект технологияларини жорий этиш давлат идораларини фуқарога янада яқинлаштиради. Эндиликда банк картасини очиш, SIM-карта олиш ёки суғурта расмийлаштириш учун навбатларда туриш тарихга айланади. Ҳаммаси “my.gov.uz” мобиль иловасида бир неча сонияда ҳал бўлади.
Тадбиркорликни йўлга қўйиш ҳамда ходимларни ҳисобга олиш каби мураккаб жараёнларнинг рақамлашиши “яширин иқтисодиёт”га чек қўйиб, бизнес муҳитини шаффофлаштиради. Жорий йилда ташланган бу қадамлар 2030 йилга бориб Ўзбекистонни нафақат минтақавий, балки жаҳоннинг энг илғор технологик марказларидан бирига айлантиради. Биз дунёдаги иккинчи энг тез ўсаётган экотизим бўлишдан тўхтамаймиз, мақсад — биринчиликка эришиш.
Ўзбекистоннинг миллий сунъий интеллект инфратузилмасини яратиш, жумладан, суперкомпьютерлар харид қилиш ва 15 та СИ лабораториясини ташкил этиш режаси мамлакатнинг технологик мустақиллигини таъминлайди. Шахсий маълумотларни маҳаллий серверларда сақлаш талаби ва айни пайтда халқаро стандартларга мувофиқ трансчегаравий маълумот алмашинувига рухсат берилиши — олтин ўрталикни топиш, демакдир.
Бу ёндашув бир томондан фуқаролар хавфсизлигини таъминласа, иккинчи томондан, халқаро финтех ҳамда тўлов тизимлари учун эшикларни очиқ қолдиради. Сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш учун, аввало, улкан ҳажмдаги маълумотларни қайта ишлай оладиган инфратузилма керак. Шу маънода, юртимизда татбиқ этиладиган замонавий суперкомпьютерлар тарихий аҳамиятга эга. Бу қурилмалар шунчаки техника эмас, балки миллий СИ экотизимининг двигатели ҳисобланади. Улар орқали маҳаллий тил моделларини ўқитиш, мураккаб иқтисодий прогнозларни ишлаб чиқиш ва илмий тадқиқотларни рекорд даражадаги қисқа вақт ичида амалга ошириш имкони туғилади.
Таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси
Таъкидлаш жоизки, илғор технологияларни сотиб олишнинг ўзи билан кифояланиб бўлмайди. Уни бошқарадиган ва янги ечимлар яратадиган мутахассислар керак. Шу маънода, 15 та олий таълим муассасасида СИ лабораторияларининг ташкил этилиши таълим ва ишлаб чиқариш ўртасидаги узвийликни таъминлайди. Бу лабораториялар миллий СИ маҳсулотларини яратиш, ёш дастурчиларнинг глобал бозорда рақобатбардош бўлишини таъминлаш, давлат бошқаруви ва иқтисодиёт учун ақлли ечимлар ишлаб чиқиш марказларига айланади. Қолаверса, инфратузилма фақат компьютерлардан иборат эмас. Маълумотларнинг тезкор алмашинуви учун сифатли алоқа зарур. Шу йилда “5G” технологияларини кенг жорий этиш ва аҳоли пунктларини юқори тезликдаги интернет билан қамраб олиш даражасини ошириш — бу СИ тизимларининг “асаб толалари”ни шакллантириш, демакдир. Сунъий йўлдош алоқасидан фойдаланишни кенгайтириш режаси эса мамлакатнинг энг чекка ҳудудларини ҳам рақамли тараққиёт занжирига улайди. Бу рақамли тенгсизликни бартараф қилиш йўлидаги энг самарали қадамдир.
Дарвоқе, дата-марказлар тармоғини кенгайтириш ва маълумотлар хавфсизлигини таъминлаш масаласи давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида таъкидланди. Рақамли дунёда маълумотлар — бу янги “нефт”дир. Уларни маҳаллий дата-марказларда сақлаш ҳамда ҳимоя қилиш мамлакатнинг ахборот суверенитетини ва фуқароларнинг шахсий дахлсизлигини кафолатлайди.
Рақамли технологиялар шунчаки қулайлик эмас, балки иқтисодиёт тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ва аҳоли ҳаёти сифатини яхшилаш воситаси. Жорий йил учун белгиланган ушбу вазифалар мамлакатимизнинг Марказий Осиёдаги технологик етакчилигини таъминлаш билан бирга, юртимизни глобал рақамли харитада муҳим хабга айлантиришга хизмат қилади.
Янги Ўзбекистоннинг рақамли стратегияси энди назариядан амалиётга — аниқ ҳисоблаш қувватлари ва юқори технологиялар босқичига ўтди. Соҳадаги бундай катта ўзгаришлар келгусида улкан натижаларга пойдевор бўлади, албатта.
Бахтиёр МАҲКАМОВ,
Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент
ахборот технологиялари университети ректори,
иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- “Аналог турмуш тарзи”. Инсонларда сунъий интеллектга қарши кайфият кучаймоқда
- Дунё бўйлаб қон ва кўзёш билан ўтган бир ҳафта — 20 та суратда
- «Бутун эл-юртимизни бирлаштирадиган улуғ бир ғоя бор. У ҳам бўлса, Ватан манфаати, халқимиз манфаатидир»
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Кучли қичишиш ва жисмоний азобдан ташқари, инсонни руҳан ҳам емиради
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг