Сенаторлар талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди

19:42 03 Февраль 2026 Сиёсат
404 0

Парламент юқори палатаси аъзолари томонидан ёшлар билан мунтазам равишда учрашувлар ташкил этилиб, Сенат фаолияти, қонун ижодкорлиги ҳамда ёшларни қизиқтирган масалаларга бағишланган очиқ мулоқотлар ўтказилади.

Навбатдаги учрашув сенаторлар иштирокида «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» Миллий тадқиқот университети ҳамда Webster университети талабалари билан бўлиб ўтди.

Учрашув давомида талабаларга Сенатнинг асосий фаолият йўналишлари, парламент юқори палатасининг ваколатлари, қонун ижодкорлиги жараёнлари ҳамда қабул қилинган қонунлар ижроси устидан парламент назоратининг айрим жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумот берилди.

Шунингдек, долзарб қонунларни қабул қилиш, давлат дастурлари ижросини таъминлаш ва ижро ҳокимияти органларининг ҳисобдорлигини ошириш парламент фаолиятининг устувор вазифалари экани таъкидланди.

Учрашувда «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган устувор мақсадлар, жумладан ёшларни қўллаб-қувватлаш, таълим сифатини ошириш ва замонавий билимга эга авлодни шакллантириш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти фаолияти, қонунчилик ташаббуслари ва жамоатчилик назорати соҳасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди. Талабалар томонидан берилган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.

Учрашув якунида талабалар Сенат қўмиталари ва девони фаолияти, шунингдек аграр, сув хўжалиги ва экология соҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?