Саудия Арабистонида илк сунъий интеллект шифокори иштирокидаги клиника иш бошлади
Фото: Иллустратив
Саудия Арабистонида дунёдаги илк сунъий интеллект шифокори иштирокидаги клиника очилди. Ушбу клиникада беморларни диагностика қилишда «Dr Hua» номли сунъий интеллект тизими ишлатилмоқда. Бу ҳақда «Bloomberg» хабар берди.
Лойиҳа Хитойнинг «Synyi AI» технологик компанияси ва Саудия Арабистонининг «Almoosa Health Group» тиббиёт ташкилоти ҳамкорлигида амалга оширилган. Синов дастури ўтган ой Саудия Арабистонининг шарқий минтақасидаги Ал-Аҳса вилоятида йўлга қўйилди.
Клиниканинг асосий мақсади — беморлар дастлаб мурожаат қилганида уларни инсон шифокорлари эмас, балки сунъий интеллект асосида ишлайдиган тизим қабул қилиб, дастлабки ташхис ва даволаш режасини белгилашдир. Шунга қарамай, хавфсизликни таъминлаш мақсадида инсон шифокорлар ҳамон тизимда иштирок этмоқда.
«Synyi AI» баёнотига кўра, «AI Clinic» — бу сунъий интеллект шифокори мустақил равишда сўровнома, ташхис, даволаш режаси ва рецепт ёзиш каби барча тиббий босқичларни бажарадиган инновацион хизмат бўлиб, инсон шифокорлар эса якуний назоратчи сифатида хизмат қилади.
Клиникада беморлар сунъий интеллектга ўз симптомларини таърифлаб беради. «Dr Hua» эса худди ҳақиқий шифокордек саволлар бериб, беморнинг жавоблари ва инсон ёрдамчилари ёрдамида олинган суратлар ёки бошқа маълумотларни таҳлил қилади. Сўнгра «Dr Hua» даволаш режасини ишлаб чиқади ва бу режа инсон шифокори томонидан қайта кўриб чиқилиб, тасдиқланади. Зарур ҳолатларда инсон шифокорлар зудлик билан аралашиш имкониятига эга.
Ҳозирги вақтда «Dr Hua» фақатгина нафас йўллари билан боғлиқ касалликлар бўйича маслаҳат бера олади. Бу йўналишда у астма, фарингит каби 30 та касалликни қамраб олган. Шунга қарамасдан, «Synyi AI» келажакда бу базани 50 та касалликка — жумладан, овқат ҳазм қилиш тизими ва дерматологик касалликларга кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Соғлиқни сақлаш вазирлиги «Электрон рецепт» тизими бўйича расмий баёнот берди
- Ўзбекистонда нақд пулга уй-жой ва машина олди-сотдиси бекор қилинади
- “Реал Мадрид” аламли тарзда мағлубиятга учради
- Остонадаги кинотеатрда йирик ёнғин юз берди (+видео)
- Инсон ҳаётидаги босқичли даврлар. Қариш жараёни бир текис кечмаслиги маълум бўлди
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг