Самарқанднинг ялпи ҳудудий маҳсулоти бу йил 120 триллион сўмга етади

17:16 25 Ноябрь 2025 Сиёсат
184 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида вилоятда эришилган натижалар ва ишга солинмаган имкониятларни қайд этди.

Ўтган саккиз йилда вилоятга 12 миллиард доллар инвестиция киритилди, 600 минг доимий иш ўрни яратилди, тадбиркорлар 2 карра кўпайди.

Ишлаб чиқариш корхоналари сони 1,5 баробар, саноат ҳажми 1,7 баробар ўсди. Йиллик айланмаси 100 миллиард сўмдан ошган корхоналар сони 81 тага етди. 55 та давлатдан хорижий инвесторлар иш бошлади, чет эл иштирокидаги корхоналар сони 700 тага яқинлашди. Хизматлар йилига ўртача 15 фоиздан ўсаяпти, бу йил сервис ҳажми 75 триллион сўмга етади.

Шунингдек, 2024 йил ва бу йилнинг 10 ойида 15 миллион квадрат метрли уй-жой ва тижорат объектлари барпо этилди. Самарқандлик қурувчилар республика бўйича йилига 4,5 миллион квадрат метрли бино-иншоотлар қураяпти. Вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулоти 2016 йилда 23 триллион сўм бўлган бўлса, бу йил 120 триллион сўмга етади.

Одамлар вилоятда амалга оширилган ишлар ҳисобига оиласида катта ижобий ўзгаришлар бўлганини айтаяпти. Масалан, ўтган даврда 2 триллион сўмлик 3 минг 200 километр ичимлик суви ва канализация тармоқлари қурилди.

«Бир сўз билан айтганда, Самарқандни аҳоли ва тадбиркорлар учун ҳам, туристлар ва инвесторлар учун ҳам жозибадор ҳудудга айлантира олдик», деди Президентимиз.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?