Самарқанд, Қашқадарё ва Қорақалпоғистонда бир қатор тадбиркорлар Жиноят кодексининг 176 ва 186-1-моддалари билан айбланмоқда

16:19 03 Март 2025 Жамият
256 0

Самарқанд, Қашқадарё вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланган шахслар аниқланди. Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қўшработ ва Тўрткўл тумани бўлимлари, шунингдек, ИИБ ва божхона бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида қатор ҳуқуқбузарлик ҳолатлари фош қилинди.

Тадбир давомида ЯТТ «Т.Н.» ва фуқаро М.Ж. Самарқанд вилоятининг «Заркент» МФЙ ҳамда Қорақалпоғистоннинг «Шўрохон» ОФЙ ҳудудидаги савдо дўконларида сифатини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган ва қўлбола усулда тайёрланган 29 турдаги 493 дона қалбаки акциз маркали алкоголь маҳсулотлари ва 258 қути тамаки маҳсулотларини сотувга қўйганликлари аниқланди. Мазкур маҳсулотлар ашёвий далил сифатида олинди.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятининг Касби туманида ҳам ноқонуний алкоголь маҳсулотлари савдоси фош этилди. Департаментнинг Касби тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро И.Ш. фуқаро Ж.Ў.га 546 дона қўлбола усулда тайёрланган алкоголь маҳсулотларини сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳуқуқбузарликлар юзасидан Жиноят кодексининг 176-моддаси (қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) ва 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш) бўйича жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?