Саломатлик туризми шаҳарчаси барпо этилади

11:59 14 Октябр 2025 Жамият
202 0

Шеробод туманидаги табиий мўъжиза — “Хўжаикон” туз ғорида саломатлик туризмини ривожлантириш мақсадида Германиянинг “Bizayla” компанияси билан ҳамкорликда амалга оширилаётган лойиҳанинг умумий қиймати 50 миллион еврога тенг.

Ушбу лойиҳа доирасида табиий шифобахш муҳитга эга туз ғори негизида нафас йўллари касалликлари, аллергия ва бошқа хасталикларни даволашга ихтисослашган марказлар ташкил этилиши режалаштирилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, туз ғоридаги ионлашган ҳаво инсон саломатлиги учун фойдали бўлиб, саломатлигини яхшилаш истагида келадиганлар сони йилига минглаб кишини ташкил этиши мумкин.

Бу ташаббус нафақат тиббий туризмни ривожлантиради, балки Сурхондарё иқтисодиётига ҳам катта туризм оқими ва инвестиция киришини таъминлайди.

Лойиҳа доирасида замонавий инфратузилма — йўллар таъмири, транспорт ва алоқа тизимларини яхшилаш, меҳмонлар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ҳам назарда тутилган. Ҳудудда дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, сервис ва логистика объектлари барпо этилиши кўзда тутилган.

Мутасаддиларнинг қайд этишича, келгусида бу маскан нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун йирик саломатлик туризми марказига айланиши мумкин.  

Фарҳод ЭСОНОВ

«Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?