Рақамли ҳисоблар, кўринмас миллиардлар ва олтин: дунёда қанча пул бор?
Инсоният цивилизацияси шаклланганидан буён пул жамият ҳаётининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. У давлатлар иқтисодиётини, сиёсий қарорларни ва ҳатто инсонларнинг келажак ҳақидаги режаларини ҳам белгилаб келмоқда. Бугунги глобаллашув замонида пул тушунчаси фақатгина қоғоз банкнотлар ёки тангалардан иборат эмас.
Кўпчилик «дунёда қанча пул бор?» деган саволни эшитганда, кўз олдига фақат муомаладаги нақд маблағлар келиши мумкин. Аслида эса бу — улкан глобал молия тизимининг бир қисми, холос. Бугунги кунда пул банклардаги рақамли ҳисоблар, фонд бозоридаги активлар, криптовалюталар ва асрлар давомида ўз қийматини сақлаб келаётган олтин захиралари кўринишида ҳам мавжуд.
Ушбу мақолада глобал молия тизимининг турли қатламларини таҳлил қилиб, ер юзида мавжуд умумий бойлик ҳажми қанчалик эканини аниқ рақамлар ва ишончли манбалар асосида кўриб чиқамиз.
Ҳамёнимиздаги бойлик ҳажми
Ҳозирги вақтда мавжуд банкнотлар ва тангаларни дунёдаги жами бойликка нисбатан ҳажмини ҳисобласак, рақамлар кутилганидан кўра анча «камтарона» кўриниш олади.
Сўнгги иқтисодий таҳлилларга кўра, дунё бўйлаб муомаладаги нақд пулларнинг умумий миқдори тахминан 8,3 – 8,5 триллион доллар атрофида баҳоланмоқда. Бу улкан сумманинг асосий улуши дунёнинг энг етакчи валюталари ҳиссасига тўғри келади. Жумладан, қарийб 2,33 триллион доллари бевосита АҚШ валютасига, иккинчи ўринда турувчи Евро зонаси пуллари тахминан 1,6 триллион долларга, учинчи ўриндан жой олган Хитой юани эса тахминан 1,5 триллион доллар эквивалентига тенгдир.

Ушбу рақамларни тасаввур қилиш учун бир қизиқарли фактга эътибор қаратамиз. Агар дунё бўйлаб барча муомаладаги нақд пулларни битта жойга тўплаш имкони бўлганида, улар дунёдаги энг йирик футбол стадионини атиги бир неча метр баландликда тўлдириши мумкин эди, холос. Бундан келиб чиқадики, биз ҳар куни ишлатадиган қоғоз пуллар аслида глобал иқтисодиётдаги умумий бойликнинг жуда кичик бир бўлагидир.
Кўринмас миллиардлар
Нақд пуллардан кейинги навбат янада улканроқ ва асосан кўзга кўринмас бўлган рақамли пулларга келади. Иқтисодий тилда М1 ва М2 агрегатлари деб аталувчи бу қатлам банклардаги барча жорий ҳисоб рақамларни, чек дафтарчаларини ва муддатли омонатларни ўз ичига олади. Бу турдаги пулларнинг умумий миқдори тахминан 95 – 100 триллион долларни ташкил этади. Бу рақам муомаладаги нақд пуллардан деярли 12 баробар кўпдир.

Бундай катта фарқнинг асосий сабаби замонавий банк тизимининг ишлаш механизми билан боғлиқ бўлиб, бугунги кунда дунёдаги пулларнинг 90 фоизидан ортиғи фақатгина рақамли ҳисоблар кўринишида мавжуд. Одамлар ўз маошларини банк пластик карталарида олиши, онлайн харидлар ва давлатлараро йирик ўтказмалар ушбу кўринмас, лекин реал иқтисодий кучга эга бўлган электрон маблағлар ҳисобига амалга ошади.
Рақамли инқилоб: Криптовалюталарнинг пайдо бўлиши
Анъанавий банк тизимидан бутунлай мустақил бўлган янги турдаги пул — криптовалюталар дунё молия харитасини кескин ўзгартириб юборди. 2024 йил якуни ва 2025 йил бошидаги ҳисоб-китобларга кўра, криптовалюта бозорининг умумий капиталлашуви тахминан 2,5 – 3 триллион долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич ҳали нақд доллар ёки евро миқдорига етмаган бўлсада, криптовалюталар аллақачон глобал бойликнинг сезиларли қисмига айланиб улгурган. Ушбу бозорда Bitcoin (BTC) мутлақ етакчи бўлиб, жами крипто-маблағларнинг ярмидан кўпи айнан унинг ҳисобига тўғри келади. Криптовалюталарнинг ўзига хослиги шундаки, улар ҳеч қандай марказий банкка бўйсунмайди ва фақат blokcheyn технологияси ҳамда фойдаланувчиларнинг ишончи асосида қийматга эга бўлади.

Бу пуллар қўлимиздаги ҳамёнимизда эмас, балки рақамли калитлар кўринишида сақланади. Дастлаб криптовалюталарга шунчаки вақтинчалик «ўйинчоқ» сифатида қаралган бўлса, бугунги кунда йирик инвестиция фондлари ва ҳатто айрим давлатлар уларни ўз захираларининг бир қисми сифатида тан олмоқда. Бироқ, крипто-пулларнинг қиймати жуда тез ўзгарувчан бўлгани учун, улар дунёдаги жами пуллар статистикасида энг беқарор ва кутилмаган қатлам ҳисобланади.
Глобал олтин захиралари: Ҳақиқий қиймат ўлчови
Пул миқдори ҳақида гап кетганда, кўп асрлар давомида дунё иқтисодиётининг устуни бўлиб келган олтинни четлаб ўтиб бўлмайди. Гарчи бугунги кунда аксарият давлатлар олтин стандартидан воз кечаётган бўлсада, бу қимматбаҳо металл ҳали ҳам энг ишончли бойлик рамзи бўлиб қолмоқда. 2025 йил ҳолатига кўра, инсоният тарихида қазиб олинган барча олтиннинг умумий ҳажми тахминан 209,000 – 212,000 тоннани ташкил этади. Ушбу олтинларни жорий бозор нархларида пулга айлантирсак, унинг умумий қиймати тахминан 14 – 15 триллион долларга етади.

Бундан келиб чиқадики, дунёдаги барча олтиннинг қиймати муомаладаги барча нақд пуллардан қарийб икки баробарга кўпдир. Бу олтинларнинг тахминан 20 фоизи дунё мамлакатларининг марказий банкларида расмий захира сифатида сақланади. Қолган қисми эса заргарлик буюмлари, инвестиция қуймалари ва саноат технологияларида тақсимланган. Олтин — иқтисодий инқирозлар ва инфляция даврида қоғоз пуллар ўз қийматини йўқотганда ҳам, ўзининг реал қийматини сақлаб қоладиган ягона «ҳақиқий пул» ҳисобланади.

Бугунги кунда жаҳон иқтисодиёти муҳим бурилиш даврини бошдан кечирмоқда. Нақд пулдан фойдаланиш қисқариб бораётгани, криптовалюталарнинг ривожланиши ва марказий банклар томонидан рақамли валюталарнинг жорий этилиши пул ҳақидаги анъанавий тасаввурларни тубдан ўзгартирмоқда.
Кундалик ҳаётда фойдаланиладиган нақд пуллар умумий бойликнинг жуда кичик қисмини ташкил этсада, иқтисодиётда энг тез айланувчи ва реал муомалада бўлган восита сифатида ҳамон ўз аҳамиятини сақлаб қолмоқда.
Эъзозбек Ҳамидов тайёрлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг