Рамазон туҳфаси

11:06 19 Февраль 2026 Жамият
178 0

Жорий йилнинг 13 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида муҳтарам Президентимиз муборак Рамазон ойи бошланиши муносабати билан ички бозорда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш, деҳқон бозорлари ва йирик савдо мажмуаларида озиқ-овқат ярмаркаларини ташкил қилиш бўйича топшириқ берган эдилар. Хоразм вилоятида ҳам барча шаҳар ва туманларда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг арзонлаштирилган савдо ярмаркалари фаолият бошлади. Бу эса Рамазон ойида халқимизни арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга хизмат қилади. Ярмаркада маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва фермер хўжаликлари томонидан ишлаб чиқарилган мева, сабзавот, дон, гўшт ва сут маҳсулотлари бозор нархидан арзонроқ сотувга қўйилди.

-Рамазон ойида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзонлаштирилиши жуда яхши ташаббус, — дейди меҳнат фахрийси Умрбек Шомуродов. — Масалан, бу ерда 1 килограмм гўшт бозордагига нисбатан деярли 30-40 минг сўм арзон тураркан. Бу эса, айниқса, кўп болали оилалар учун катта ёрдам. Бундан ташқари озиқ-овқат маҳсулотлари эҳтиёжманд оилаларга ҳомийлик йўли билан етказиб берилаётгани ҳам алоҳида таҳсинга сазовор. Рамазон ойида ташкил этилган бу каби ярмаркалар нафақат аҳолининг кундалик эҳтиёжини қондириш, балки миллатнинг меҳр-оқибат ва саховат анъаналарини намоён этишга ҳам хизмат қилмоқда.

Одилбек ОДАМБОЕВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?