Қорақалпоғистонда жорий йилда 2.5 млрд куб метргача сувни тежаш режалаштирилмоқда
Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги томонидан сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилишга оид қабул қилинган фармон ва қарорлар ижроси билан оммавий ахборот воситаларини яқиндан таништириш мақсадида «Сув тежовчи технологиялар замон талаби, ҳаётий зарурат» мавзусида пресс-тур ташкил қилинди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб, республикамиздаги сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг бири "Nukus Polimer" масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди. Ҳозирги кунда ушбу корхонада диаметри 12 мм дан 630мм гача бўлган полиэтилен сув қувурлари ишлаб чиқарилмоқда. Шундан сув тежовчи технологияларида энг кўп қўлланиладиган 16 мм ва 20 мм бўлган шланг ва ленталар ишлаб чиқарилмоқда.
— Сув тежовчи технологияларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилгани ҳудудларимизда сув тежовчи технологияларни кенгроқ қўллаш имкониятини оширади, - дейди Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари А.Мамбеткаримов. – Сир эмас яқин вақтгача Қорақалпоғистонда сув тежовчи технологияларни ишлаб чиқарувчи корхоналар йўқ эди. Жорий йилнинг илк кунларида «Аркавой мелиоратор» МЧЖ томонидан томчилатиб суғориш ленталарини ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлса, ҳозирги кунда бу йўналишда бир неча корхоналар фаолияти йўлга қўйилмоқда.
Тадбир иштирокчилари Нукус туманида жойлашган «Қизкеткен-Кегейли» ирригация тизими бошқармасига қарашли «Развилка» гидроиншооти, «Сувчилар боғи» ва «Қуваниш-Жарма» каналига ўрнатилган «Ақлли сув» қурилмаси билан танишдилар.
«Дўстлик» магистраль каналинг ПК-252 нуқтасида жойлашган «Дўстлик-1» гидроиншооти 1962 йили фойдаланишга топширилиб, сув ўтказиш қобилияти 380,0 м3/секунд. Гидроузел Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларига «Кегейли», «Қуваниш-жарма», «Кук-узяк» ва «Естек» каналлари орқали жами 161 минг 844 гектар ер майдонларига сув етказиб берувчи асосий иншоот ҳисобланади.
«Қуванш-Жарма» каналига ўрнатилган «Ақлли сув» қурилмаси грант маблағлари ҳисобидан Кореянинг «КОИКА» компанияси томонидан ўрнатилган.
«Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилгач сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш, туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг аниқ ҳисоб-китобини юритишга эришилади. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувнинг техник йўқолишларининг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида фойдаланиш ҳамда сувни оператив бошқариш имконияти яратилади.
Тадбир иштирокчилари Тахиатош туманидаги сув тежовчи технологиялар жорий қилинадиган далаларда амалга оширилаётган ишлар, сув тиндириш учун махсус тайёрланган ҳовузларни кўздан кечирдилар.
Маълумот берилишича, Қорақалпоғистон Республикасида жорий йилда 15 та кластер ва 591 та фермер хўжаликлари сув тежовчи технологияларнинг томчилатиб суғориш усулини жорий қилиш режалаштирилган. Шунингдек, 5 та фермер хўжаликларининг 100 гектар майдонида дискрет суғоришни жорий қилиш бўйича қурувчи корхоналар билан шартнома тузилиб, қурилиш ишлари бошланмоқда. Бундан ташқари 240 комплект эгилувчан қувурларни харид қилиш бўйича «Жиззахпластмасса» корхонаси билан шартномалар расмийлаштирилди. Бугунги кунда 9787 гектар майдонда қурилиш ишлари бошланиб, қурилиш ишлар давом этмоқда.
Жорий йилда кузатилаётган сув танқислигини юмшатиш мақсадида, суғориш даврида сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига 26 млн. куб м, ерларни лазер текислаш ҳисобига 133 млн. куб м, ирригация тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ҳисобига 197 млн. куб м, рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобига 42 млн. куб м ҳамда бошқа агротехник тадбирлар ва зовур сувларидан фойдаланиш ҳисобига 2 млрд 113 млн. куб м, жами 2.5 млрд куб метргача сув тежаш режалаштирилган.
Пресс-тур иштирокчилари Қорақалпоғистон насос станциялари ва энергетика бошқармасининг ёрдамчи хўжалигида амалга оширилаётган ишлар билан ҳам яқиндан танишди.
Шу ерда пресс-тур якуни бўйича Сув хўжалиги вазирлиги масъул ходимлари иштирокида журналистлар учун брифинг ўтказилди. Унда оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга масъуллардан жавоблар олди.
Ғ.Отажонов,
«Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Рўзиқул Бердиевнинг матбуот анжуманидаги фикрлари юзасидан суриштирув ўтказилади
- Ўзбекистонда Касбий таълим агентлиги ташкил этилади
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг