Қўмитада 2026 йил Давлат бюджети тўғрисидаги Қонун муҳокама қилинди

09:58 11 Декабрь 2025 Сиёсат
175 0

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси мажлисида «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун муҳокама қилинди.

Муҳокама давомида 2026 йил учун Давлат бюджетида харажатларнинг ижтимоий йўналтирилганлиги сақлаб қолингани алоҳида таъкидланди.

2026 йилда таълим ва фан соҳаси учун 102,7 трлн сўм, соғлиқни сақлаш соҳаси харажатлари учун 48,9 трлн сўм режалаштирилмоқда.

Хусусан, умумтаълим мактабларини дарслик, машқ дафтари ва ўқув методик қўлланмалар билан таъминлаш учун 2026 йилда қарийб 2 трлн сўм ёки 2025 йилга нисбатан 53 фоизга кўпроқ маблағ йўналтириш назарда тутилмоқда.

Сенаторлар 2026 йилги Давлат бюджети ижросини назорат қилишда маҳаллий Кенгашларнинг тегишли доимий комиссиялари билан ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Шундан сўнг, шу куннинг ўзида Қўмита мажлисида болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш бўйича кўрилаётган чоралар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлигига юборилган парламент сўрови натижалари ҳам дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини янги босқичга олиб чиқиш, уларга илғор хорижий тажриба асосида ҳамда замонавий диагностика ва даволаш технологиялари ёрдамида тиббий хизмат кўрсатиш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, республика бўйича 4 247 ўриндан иборат 13 та ҳудудий вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази ташкил этилган.

Ўтган йилда республика бўйича 18 ёшгача бўлган болалардан 11,2 млн нафари (95,5 фоизи) тиббий кўрикдан ўтказилиб, уларнинг 3,4 млн нафарида (28,8 фоизи) турли хил касалликлар аниқланган. Касаллик аниқланган 3,1 млн нафар бола билан (89,4 фоиз) соғломлаштириш ишлари ўтказилган.

Бугунги кунда Рақамли соғлиқни сақлаш ягона платформасини яратиш ва барча ахборот тизимларини ушбу платформа билан интеграция қилиш доирасида қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, тиббиётда учта бўғин (бирламчи, иккиламчи ва республика марказлари) ўртасида маълумотлар алмашиш имконини берувчи Ягона тиббиёт ахборот тизими жорий қилинган.

Шу билан бирга, сенаторлар болаларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш ҳамда соҳага илм-фан ютуқларини жорий қилиш бўйича ҳал қилиниши лозим бўлган айрим масалалар долзарблигича қолаётганлигини таъкидлашди.

Хусусан, аксарият бирламчи тизим шифохоналарида болалар жарроҳлик бўлимлари ташкил этилмаган, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳудудий болалар кўп тармоқли тиббиёт марказларининг жарроҳлик бўлимларида юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилмаган.

Болалар стационар даволанадиган даволаш-профилактика муассасалари ҳамда мактабгача ва мактаб таълими муассасалари тиббиёт хоналарини дори-дармон билан тўлиқ таъминлаш механизмларини такомиллаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмаган.

Муҳокама якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?