Қўмита мажлисида «Ўзбекистон – 2030» стратегияси лойиҳаси ва қатор долзарб масалалар муҳокама этилди
Жорий йилнинг 13 январь куни Сенатнинг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисда Сенат аъзолари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳамда масъул ходимлари, экспертлар, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг доимий комиссиялари аъзолари, шунингдек Ёшлар парламенти вакиллари иштирок этди.
Дастлаб «Ўзбекистон – 2030» стратегияси лойиҳаси муҳокама қилинди. Таъкидланганидек, ушбу Стратегияда белгиланган мақсад ва кўрсаткичлар ҳар бир инсон ва оила ҳаётида яққол сезилиши лозим бўлган устувор вазифалар асосида қайта кўриб чиқилиб, такомиллаштирилган.
Стратегия лойиҳасида ижтимоий соҳада қатор муҳим мақсадлар белгиланган. Хусусан, ота-она қарамоғисиз қолган болаларни тарбиялашда 100 фоиз муқобил шаклларни жорий этиш, «Аёллар дафтари» орқали камбағалликдан чиқарилган хотин-қизлар улушини 70 фоизга етказиш, тадбиркор аёлларга эҳтиёжманд хотин-қизларни бириктириш орқали улар касбга ва барқарор даромад манбаига эга бўлишига эришиш ҳамда 100 минг нафар хотин-қизнинг имкониятларини ошириш каби вазифалар кўзда тутилган.
Маданият ва спорт соҳаларида ҳам кенг кўламли режалар белгилангани қайд этилди. Жумладан, маданий мерос объектларини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағларни 30 фоизга ошириш, 2,5 мингта археологик ашёни давлат каталогига киритиш, 1,1 млн музей ашёсини рақамлаштириш режалаштирилган.
Спорт соҳасида эса хусусий спорт марказлари, фитнес майдонлари ва тўгараклар билан ҳамкорликни кучайтириш орқали 7–35 ёшли аҳолининг спорт билан мунтазам шуғулланиш даражасини 40 фоизга етказиш, шунингдек, камида 5 минг маҳаллада замонавий спорт майдончаларини барпо этиш мақсад қилинган.
Стратегия лойиҳасида ёшлар бандлиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, ёшлар ўртасида ишсизлик даражасини 15 фоиздан 11 фоизга тушириш, 2030 йилга қадар саноат соҳасини ривожлантириш ҳисобига қўшимча 400 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш чоралари назарда тутилган.
Мажлис давомида Стратегия лойиҳасида белгиланган мақсад ва вазифалар юзасидан маърузалар тингланиб, иштирокчилар томонидан тегишли фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Шунингдек, Сенатнинг тегишли қарори асосида вояга етмаган болалар таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Парламент сўровига берилган жавоблар таҳлили натижасида айрим масалалар тўлиқ ечимини топмагани маълум бўлди. Хусусан, доимий иш жойига эга бўлмаган ёки даромади аниқланмаган алимент тўловчилардан алимент ундириш тартибини такомиллаштириш, «Алимент тўловлари» жамғармаси ҳисобидан тўлаб берилган маблағларни қарздорлардан ундириш, шунингдек, «Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисида»ги Гаага конвенциясига қўшилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.
Кун тартибига мувофиқ 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ижроси доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳам таҳлил қилинди.
Маълум қилинганидек, хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларнинг иқтисодий ҳамда ижтимоий шароитларини яхшилашга қаратилган 15 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган.
Миллий кадрлар захирасида хотин-қизлар салмоғи аввалги йилларга нисбатан 2 баробарга оширилиб, 27 фоизга етган.
«Раҳбар аёллар мактаби» ўқув дастурининг 4 та мавсуми якунланиб, унда жами 244 нафар хотин-қиз ўқитилиб, улардан 60 нафарининг лавозимида ўсганлиги қайд этилган.
2025 йилда хотин-қизларнинг 12,4 млрд сўмлик 21 та стартап лойиҳаси қўллаб-қувватланган. Шунингдек, сиёсий партиялар томонидан жамиятда «аёл сиёсатчи» образини шакллантиришга қаратилган 105 тадан ортиқ тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларга 27 минг нафардан зиёд аҳоли жалб этилган.
Аграр секторда хотин-қизларнинг меҳнат бозоридаги иштирокини кенгайтириш, иқтисодий имкониятларини ошириш мақсадида 2025–2030 йилларга мўлжалланган Гендер тенглик стратегияси ишлаб чиқилиб, амалга оширилмоқда.
Бюджет маблағларини режалаштиришда гендер ёндашувини жорий этиш мақсадида махсус гендер индикаторлар ишлаб чиқилиб, улар барча вазирлик ва идораларга бюджет дастурларини шакллантиришда фойдаланиш учун тақдим этилган.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам юксак эътироф этилмоқда. Хусусан, Парламентлараро иттифоқнинг Женевада бўлиб ўтган 151-сессиясида Ўзбекистон парламентларнинг қуйи палаталарида хотин-қизлар фаоллиги бўйича дунёда 15-ўринни эгаллаган.
Шунингдек, Очиқ гендер маълумотлари индексида Ўзбекистон энг яхши 20 та давлат қаторига кирган. Гендер тенглик ва бошқарув индексида эса мамлакатимиз ўз ўрнини 103-ўриндан 52-ўринга кўтариб, 51 поғонага яхшилаган.
Мажлисда давлат хизматида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари салоҳиятини ошириш, гендер сиёсатини амалга оширишда улар иштирокини кенгайтириш, шунингдек, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларни ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Мажлис доирасида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳукуматга киритилган таклифларнинг келгусидаги ижросини таъминлаш юзасидан атрофлича ва танқидий муҳокама ўтказилиб, тегишли аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Эркинжон Турдимов: «Муаммо бинода эмас, муаммо раҳбар ва унинг иш услубида»
- Президент прокуратура органлари ходимлари ва фахрийларига табрик йўллади
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Ўзбекистонда 2025 йилда 150 тоннадан ортиқ сифатли қон тайёрланган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг