Қашқадарёда Россия билан ҳамкорликда трансформатор заводи ишга туширилди
Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ/«Халқ сўзи». Қашқадарё деганда кўпчиликнинг кўз ўнгида чўл гавдаланади. Бу улкан ҳудуднинг асосий ер майдони чўллардан иборат. Кўп йиллар давомида аҳолининг даромад манбаи, иқтисодий имконияти суғориладиган ерларда қилинадиган деҳқончилик ишларига боғланган эди.
Бугун воҳа тамомила ўзгариб, шаҳар ва қишлоқлари янгиланиб бормоқда. Энг чекка ҳудудда жойлашган Миришкор туманига келган киши ўнлаб саноат корхоналари қад ростлаганининг гувоҳи бўлади. Жорий йилда туманнинг Янги Миришкор маҳалласи ҳудудида барпо этилган трансформатор заводи улкан лойиҳалардан бири бўлди.
Россиянинг электроника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик компанияси билан ҳамкорликда ишга туширилган бу корхонада йилига 1,5 минг донагача трансформатор ишлаб чиқариш имкони мавжуд.
— Айни пайтда трансоформаторнинг фақат «мия» қисмини Россиядан олиб келяпмиз, — дейди корхона иш бошқарувчиси Баҳодир Ибодуллаев. — Қолган барча деталлар шу ернинг ўзида тайёрланади. Эндиликда ушбу қисмни ҳам ўзимизда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатидамиз. Агар бу режа рўёбга чиқса, унда ишлаб чиқараётган маҳсулотимизнинг нарх борасида рақобатбардошлиги янада ортади.

Қувонарлиси, яқинда «Temur hamkor plast» масъулияти чекланган жамияти томонидан Туркия технологияси асосида томат пастаси ҳамда «Кетчуп» ишлаб чиқарадиган улкан қувват ишга туширилди. Умумий қиймати 2 миллион долларни ташкил этган ушбу корхонада кунига 10 тонна помидорни қайта ишлаш имкони мавжуд.
Туманда худди шундай лойиҳалардан яна бири Хитой сармояси асосида «Litai Textile Overseas» МЧЖ шаклидаги хорижий корхонаси томонидан амалга оширилмоқда.
— Корхонамизнинг ишлаб чиқариш мажмуаси асосан иккита йирик қувватдан иборат бўлади, — дейди корхона раҳбари Я Ёу Ҳонг. — Бирида энг замонавий технологиялар ёрдамида йилига 20 минг тонна пахта хомашёси қайта ишланиб, сифатли тола олинади. Иккинчи мажмуада ажратиб олинган 11 минг тонна чигит қайта ишланиб, ундан сифатли ёғ маҳсулотлари олинади. Ушбу корхона туманнинг энг олис манзилларидан бири – Обод маҳалласи ҳудудида бунёд этилган. У ишга туширилгач, камида 150 нафар ишчи кучига эга бўлади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- Тошкент шаҳрида Марказий Осиё давлатлари ва Корея Республикаси парламентлари раҳбарларининг III йиғилиши ўз ишини бошлади
- Пойтахтга автомобиллар киришига ҳеч қандай тақиқ йўқ — Тошкент шаҳар ҳокимлиги
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг