Қадимги Рим империясига тегишли «йўқолган» қишлоқлар топилди

14:56 23 Январь 2025 Илм-фан
982 0

Археологлар шимолий Исроилдаги Абель-Бет-Мааха қадимий ҳудудида ноёб Рим даврига оид Тетрархия (Рим императори Диоклетиан томонидан жорий этилган бошқарув тизими – таҳрир.) чегара тошини топди. Ушбу тош Рим императори Диоклетиан даврида ер солиғи ислоҳотлари доирасида ер чегараларини белгилаш учун ишлатилган бўлиб, у қадимий ер эгалиги, маҳаллий аҳоли жойлашуви ва Рим империясининг бошқарув тизими ҳақида қимматли маълумот беради. Тошдаги ёзувлар илгари номаълум бўлган иккита жой номини очиб беради.

Қазишмалар Қуддусдаги Иброний университетининг Археология институти олимлари профессор Наама Яхалом-Мак ва доктор Нава Паниц-Коэн, шунингдек, Азуса Пасифик университети профессори Роберт Маллинс томонидан олиб борилди. Ушбу қадимий ҳудуддан топилган базалт тоши Рим даврига оид ҳудудий ва маъмурий амалиётлар ҳақида маълумот беради.

Топилманинг ўқилишини доктор Авнер Экер ва профессор Узи Лейбнер амалга оширди. Тош Рим Тетрархияси даврида ерларни белгилаш учун ишлатилган. Тетрархия тизим империяни икки император ва икки кичик бошқарувчи ўртасида бўлишни назарда тутган.

Тошга ўйиб ёзилган юнонча ёзувлар икки илгари номаълум бўлган қишлоқ номларини очиб берди: Тиртас ва Голгол. Ушбу жойлар XIX асрда Фаластин ҳудудини тадқиқ қилишда қайд этилган баъзи қадимий жойларга мос келиши мумкин. Ёзувда илк марта тилга олинган «цензор» — императорнинг ер солиғини ўлчовчи расмийси ҳақида ҳам маълумот келтирилган. Бу топилма Диоклетианнинг учинчи аср охиридаги йирик солиқ ислоҳотлари давридаги ер эгалиги ва жойлашув тизимларининг иқтисодий аҳамиятини акс эттиради.

Профессор Узи Лейбнер таъкидлашича, бу топилма Рим империясининг Тетрархия давридаги тартибга солиш ишлари нақадар аниқ ва кенг қамровли бўлганини кўрсатади. Доктор Авнер Экер эса топилманинг жой номлари ва янги расмий ҳақида маълумот бериши туфайли алоҳида аҳамиятга эга эканини қайд этди. Ушбу чегара тошлари қадимий аҳоли ва уларнинг мураккаб бошқарув тизими ҳақида кўп нарсаларни ўрганишга имкон беради.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?