Президент ташрифидан сўнг Тошкент туманида қандай ўзгаришлар юз берди?

13:11 18 Август 2025 Жамият
145 0

Фото: Давронбек Эрназаров/«Халқ сўзи»

Президентнинг ташрифидан сўнг Тошкент туманида барча соҳаларда ўзгаришларга йўл очилди – нафақат ғоялар, балки уларнинг ҳаётга татбиқ этилган амали шакли ҳам кўзга яққол ташланмоқда.

Бугун эътибор марказида инсон – унинг маънавий камолоти, таълим олиши, соғлом улғайиши ва муносиб ҳаёт кечириши турибди. Ҳар бир амалга оширилаётган лойиҳа ортида халқ фаровонлигини таъминлаш, эртанги кунга ишонч уйғотиш мақсади мужассам.

Қирариқ маҳалласининг ўзагида жойлашган, 1940 йилда қурилган 25-сонли мактабгача таълим муассасаси президент ташрифидан сўнг жўшқинланган тадбиркорлар кўмагида янги қиёфа касб этди. Илгариги 140 ўринли боғча эндиликда 500 болага мўлжалланган замонавий муассасага айланди. Янгиланган шароит нафақат болалар учун қулай муҳит яратди, балки 25 нафар педагог учун иш ўрни ҳам таъминланди. Бу – Қирариқ, Аҳиллик, Тинчлик ва Қорасарой маҳаллаларида истиқомат қилувчи оилалар учун катта шодлик.

Қир-ариқ маҳалласининг 3-секторидаги 9 гектар ер майдонида жойлашган МЧЖ томонидан ҳам замонавий, томчилатиб суғориш технологияси асосида мева боғи барпо этилмоқда. Бу ерда йилига 153 тонна экспортбоп узум ва шафтоли етиштириш кўзда тутилган. Ҳар бир дарахт – фаол меҳнат, барқарор даромад ва замонавий қишлоқ хўжалигининг амалдаги намунасидир. 10 нафар янги ишчи билан бу боғ ҳам меҳнат, ҳам меҳр масканига айланмоқда.

Шу билан бирга, Сабзавот маҳалласида қад ростлаётган Тошкент кимё халқаро университетининг янги кампуси илм-фаннинг кучини намоён этмоқда. 3000 талабага мўлжалланган олийгоҳ, 800 ўқувчига ихтисослашган мактаб, 300 бола учун боғча – барчаси 316 миллиард сўмлик сармоя эвазига барпо этилмоқда. Шу орқали 700 нафар фуқарога иш ўрни яратилади. Бу — келажакка инвестиция, таълимга эҳтиром рамзидир.

Ҳасанбой маҳалласида жойлашган, узоқ йиллардан буён ташланди ҳолда турган бинолар ўрнида эса мактабгача ва умумий ўрта таълим муассасаси қурилмоқда. 14,8 миллиард сўмлик ушбу лойиҳа 1050 нафар мактаб ўқувчиси ва 260 нафар боғча тарбияланувчисини қамраб олади. 120 нафар ходим янги иш ўрнига эга бўлади.

Президент ташрифи бугун янги босқичдаги ривожланишни бошлаб берди. Тошкент туманида амалга оширилаётган ислоҳотлар – бу халқ дардига қулоқ тутиш, фуқароларни қўллаб-қувватлаш ва сўздан амалга ўтилган ҳаракатлар намунасидир.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?