Президент Шавкат Мирзиёев соҳа вакиллари ҳамда тадбиркорларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди

19:24 03 Июнь 2024 Сиёсат
566 0

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризмни янада ривожлантириш бўйича устувор масалалар юзасидан видеоселектор йиғилиши ва соҳадаги тадбиркорлар билан мулоқот бўлиб ўтмоқда.

Президент туризм салоҳиятини тўлиқ очиб берувчи глобал тарғибот кампаниясини йўлга қўйиш вақти келганини айтди.

Бунда телевидение ва онлайн платформалар билан бирга ижтимоий тармоқлардан ҳам фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.

Мутасаддиларга 1 октябрга қадар «миллий туризм бренди» тўғрисида контент яратиш учун танлов ўтказиб, халқаро платформаларда тарғиботни йўлга қўйиш топширилди.

Бу мақсадларга жорий йилда 5 миллион доллар маблағ ажратилади.

Аудиторияси 10 миллиондан ортиқ бўлган камида 50 нафар чет эллик блогерлар учун инфо-турлар ташкил қилиниши белгиланди.

Жорий йилда Тошкент шаҳрида, кейинги йилда Хивада Халқаро гастрономик фестиваллар ўтказиш, 300 турдан зиёд таомларга эга миллий ошхонамизни бутун дунёга тарғиб қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Мутасадди вазирлик ва идораларга электрон виза тизимини янада такомиллаштириб, мобил иловани ҳам ишга тушириш топширилди.

Умуман, тармоқ ва ҳудудлар раҳбарлари жорий йилда 11 миллион хорижий сайёҳни олиб келиш ва туризм экспортини 2,5 миллиард долларга етказиш учун масъул ва жавобгар бўлиши белгиланди.

Сўнг давлатимиз раҳбари соҳа вакиллари ва тадбиркорлар билан мулоқот қилиб, уларнинг муаммолари ва таклифларини эшитди. Жумладан, мулоқотда:

— туризм хизматлари кўрсатувчиларни молиявий қўллаб-қувватлаш ва иқтисодий имкониятларини кенгайтириш;

— туроператорларни маданий мерос объектлари ва темир йўл чипталари нархларидаги ўзгаришлар тўғрисида олдиндан хабардор қилиш;

— меҳмонхона бошқарувчиларини тайёрлаш ва меҳмонхона қуришга субсидиялар доирасини кенгайтириш;

— пенсия ёшидаги туристларга алоҳида виза тартибини жорий этиш;

— тарихий шахсларнинг уй-музейларини реставрация қилиш каби масалалар кўтарилди, таклиф ва ташаббуслар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер