Президент кадастр тизимидаги режаларни кўриб чиқди

Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни ер ҳисобини юритиш ва кадастр хизматини ривожлантириш бўйича қилинган ишлар ҳамда келгусидаги вазифаларга оид тақдимот билан танишди.
Мамлакатимизда 45 миллион гектарга яқин ер майдони бор. 2021 йилгача шундан бор-йўғи 1 миллион гектари давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Сўнгги йилларда ягона тизим яратилиб, рақамлаштириш жорий этилгани натижасида 42 миллион гектар ер, яъни жами майдонларнинг 94 фоизи рўйхатдан ўтказилди.
Жумладан, ўрмон ва сув фонди, муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўлиқ давлат рўйхатига олинди. Транспорт, алоқа, геодезия, энергетика, йўл каби 13 турдаги давлат кадастри бўйича маълумотлар 100 фоиз шаклланди. Яна 7 та йўналиш бўйича ишлар якуний босқичда.
Соҳадаги энг долзарб масала – кўчмас мулк муносабатларини тартибга солишдир. Шу мақсадда кўчмас мулкларнинг ҳақиқийлиги ва ишончлилиги давлат томонидан кафолатланадиган ягона маълумотлар базаси – UZKAD тизими ишга туширилган. Барча бино ва иншоотлар хатловдан ўтказилиб, унга киритилмоқда. Ҳозиргача 150 мингта турар ва 707 мингта нотурар жой, 44 мингта кўп қаватли уй ҳақидаги маълумотлар ушбу янги тизимда акс эттирилган.
Яқин-яқингача ўз уйига мулк ҳуқуқи бўлмагани учун миллионлаб фуқаролар қийналиб келарди. Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 5 августдаги “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ҳамда уларда қурилган бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги қонуни билан жорий йил январдан ҳужжатларни расмийлаштириб, эгаларига тақдим этиш бошланди.
Тақдимотда галдаги режалар ва устувор вазифалар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, бу йил 400 мингта якка тартибдаги уй UZKAD тизимига киритилади. Натижада мол-мулкни сотиш, ижарага бериш, мерос қолдириш, гаровга қўйиш каби жараёнлар осонлашади. Келгусида 6 миллион 300 мингдан зиёд барча якка тартибдаги уйлар ушбу тизимда акс эттирилади.
Кўп жойларда кўчмас мулкнинг кадастр қиймати билан ҳақиқий бозор баҳоси ўртасида катта фарқ бор. Бу ҳуқуқий муносабатларда ва савдоларда номутаносибликни келтириб чиқаряпти.
Шу боис Ўзбекистон Президентининг 5 мартдаги фармонига мувофиқ, кўчмас мулкни оммавий баҳолаш тизими жорий этилмоқда. Бунинг учун Кадастр агентлигида Кўчмас мулкни оммавий баҳолаш миллий маркази очилди. Унга 40 миллиард сўм ажратилиб, малакали мутахассислар жалб қилинди ва амалий ишлар бошлаб юборилди.
Оммавий баҳолаш бу йил Тошкент шаҳрида бошланиб, кейинги йилларда Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида ҳамда қолган ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилади.
Давлатимиз раҳбари кадастр маълумотлари иқтисодий режаларни самарали белгилаш учун муҳим асос эканини таъкидлаб, бу соҳада яхлитлик ва аниқликни таъминлаш бўйича кўрсатмалар берди. Бюрократияни кескин камайтириб, кадастр хизматлари сифатини ошириш, тадбиркорларга енгилликлар яратиш вазифаси қўйилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Эрон ва Исроил ўртасидаги зиддиятлар хронологияси ёхуд бугунги «уруш»нинг илдизи қаерда?
- Паркентда йилига 20 минг сайёҳни қабул қиладиган туристик мажмуа очилмоқда
- Ўзгаришларни сўз билан уйғотган журналист
- «100 миллиондан ортиқ гуллар, модалар ҳафталиги ҳамда турфа таомлар тақдимоти»: Наманганда ўтказилаётган 64 Халқаро гуллар фестивалидан видео ва фоторепортаж
- Ўзбекистон тарихида илк бор мундиал йўлланмасини қўлга киритган миллий терма жамоамиз Тошкентга қайтиб келди — Фоторепортаж
- Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Исроил–Эрон можароси юзасидан баёнот берди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг