Ўзбекистоннинг Босния ва Герцеговинага биринчи элчиси тайинланди

Ўзбекистоннинг Босния ва Герцеговинага тайинланган биринчи Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Бахтиёр Ибрагимов ушбу давлат Президиуми раиси Желка Свияновичга ишонч ёрлиғини топширди. Бу ҳақида «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Тадбир чоғида Ўзбекистон ва Босния ва Герцеговина ўртасидаги икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Савдо-иқтисодий, маданий ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
«Босния ва Герцеговина етакчиси Желка Свиянович Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини юқори баҳолади», дейилади агентлик хабарида.
Шунингдек, маросим давомида ҳар икки томон муносабатларни сифат жиҳатидан янги босқичига олиб чиқишга тайёр эканлигини тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, Бахтиёр Ибрагимов бунгача Ўзбекистоннинг Австрия, Албания ва Словакиядаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси сифатида аккредитация қилинган эди. Хусусан, дипломат 2023 йил ноябрь ойида Австрия Президенти Александр Ван дер Белленга, 2025 йил январь ойида Албания Президенти Байрам Бегайга ва шу йилнинг март ойида Словакия Президенти Петер Пеллегринига ўзининг ишонч ёрлиқларини топширган эди.
Шунингдек, Бахтиёр Ибрагимов 2023 йил октябрь ойида ЕХҲТ, ЮНОДC, МАГАТE ва Ядро синовларини кенг қамровли тақиқлаш тўғрисидаги шартнома ташкилоти каби халқаро тузилмалар ва БМТнинг Вена шаҳридаги бошқа институтларида мамлакатимизнинг расмий вакили сифатида ҳам аккредитациядан ўтган.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг