Ўзбекистонда Ёшлар ишлари агентлиги ҳузурида бўлган яна бир жамғарма ташкил этилади

14:12 21 Январь 2021 Жамият
1531 0

Ҳукуматнинг Ёшлар ишлари агентлиги фаолиятини тартибга солиш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлашга оид қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Лойиҳада келтирилишича, Агентлик ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш» жамғармаси этилади.

Жамғарма маблағлари Молия вазирлиги Ғазначилигида очилган Агентликнинг миллий ва хорижий валюта бўйича бюджетдан ташқари шахсий ғазна ҳисоб варағида йиғилади.

Қуйидагилар Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ҳисобланади:

ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш бўйича харажатларни молиялаштириш учун Жамғармага Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ҳисобидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар;

муассиси Агентлик ҳисобланган корхона, муассаса ва ташкилотлар, ихтиёрида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўланганидан кейин қоладиган соф фойда;

жисмоний ва юридик шахсларнинг хайрия маблағлари, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, вақтинча бўш маблағларни тижорат банкларининг депозитларига жойлаштиришдан олинган даромадлар;

қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарманинг маблағларидан қуйидагилар учун фойдаланилади:

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 30 июндаги ПФ–6017-сон Фармони ҳамда 2020 йил 25 декабрда ўтказилган «Ўзбекистон ёшлари» форумида белгиланган Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари доирасидаги чора-тадбирларни молиялаштириш;

бешта муҳим ташаббусни кенг жорий этишга қаратилган тадбирларни молиялаштириш;

ҳудудлардаги ёшлар объектларини капитал ва жорий таъмирлаш ҳамда уларни инвентарлар, мебель, компьютер техникаси ва бошқа ускуналар билан жиҳозлаш ҳамда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш;

мамлакатимизда ёшларни қўллаб-қувватлаш, ўсиб келаётган

ёш авлодни илм-фан ва инновацияларга кенг жалб этиш билан боғлиқ чора-тадбирларни молиялаштириш;

ёшларга оид дастурлар, лойиҳалар, илмий-тадқиқот ишлари ва бошқа тадбирлар учун ижтимоий буюртма, грант ва субсидиялар ажратиш;

ҳудудларда банд бўлмаган ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида касб-ҳунарга ўргатиш ва уларда касбий кўникмаларни шакллантириш тадбирларини молиялаштириш;

тарбия муассасаларини тамомлаган етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларнинг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини ташкил этиш ва бандлигини таъминлаш тадбирларини молиялаштириш;

халқаро таълим дастурлари (IELTS, TOEFL, GMAT ва бошқалар) бўйича энг юқори балл тўплаган иқтидорли ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш;

ёш кадрларни, шу жумладан Агентлик тизимидаги ходимларни ўқитиш, малакасини ошириш, уларнинг стажировка ўташи, шу жумладан хорижий мамлакатларда ўтказиладиган конференция, семинарлар ва бошқа тадбирларда иштирок этишини ташкил этиш, Агентлик ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш.

Жамғарманинг жорий йилда фойдаланилмаган маблағлари (қолдиқ маблағлар) Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига олиб қўйилмайди ва улардан кейинги йилда мазкур Низомда назарда тутилган тартибда фойдаланилади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?