Ўзбекистонда озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларга етди

12:50 10 Декабрь 2025 Сиёсат
321 0

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг қишлоқ хўжалиги соҳаси ходимлари билан бўлиб ўтаётган мулоқотида сўнгги йилларда боғ ва токзорларни янгилашга қаттиқ киришилгани, интенсив сабзавотчилик ривожлантирилаётгани ҳам самарасини бераётгани қайд этилди.

Уч йилда 155 минг гектар боғ ва узумзор барпо этилди, интенсив боғлар 150 минг гектарга етказилди.

Жорий йилда 3,4 миллион тонна мева, 2 миллион тонна узум, 19,5 миллион тонна сабзавот, полиз ва картошка, 1 миллион тонна дуккакли ва мойли экинлар етиштирилгани бу фикрларнинг тасдиғидир.

Энг муҳими, шуларнинг ҳисобидан ички бозорда нархларни барқарор ушлаб туриш билан бирга қишлоқ хўжалиги тўқимачиликдан кейинги энг кўп валюта олиб келаётган соҳага айланди.

Йил бошидан озиқ-овқат экспорти 37 фоизга ўсиб, 3 миллиард долларга етди, йил якуни билан бу кўрсаткич илк бор 3,2 миллиард доллардан ошади.

Мева-сабзавотларимиз кириб борган давлатлар сони 18 тага кўпайиб, 83 тага етди. Қуритилган олхўри ва ўрик экспорти бўйича дунёда 3-ўринга, шафтоли ва майизда 7-, гилосда 8-, узумда 13-ўринга чиқилди.

«Албатта, бундай улкан натижалар ортида деҳқон ва фермерларимиз, кластерлар, умуман, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳасидаги ҳар бир инсоннинг меҳнати, жасорати, фидойилиги турибди, десак тўғри бўлади. Уларнинг заҳмати, мард ва олижаноб фазилатлари ҳар қанча эътироф ва эътиборга муносиб.

Шунинг учун ҳам бугун Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни арафасида сизлар билан кўришиб, суҳбатлашиб, давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирлашга қарор қилдим», деди Президентимиз.

Мукофотланганлар орасида пахтадан 80-90 центнер, ғалладан 115 центнергача ҳосил олган, даласига сув тежовчи технологиялар ва насосларига қуёш панелини кенг жорий қилган фермер ва кластерлар, мева-сабзавот, чорва, парранда, балиқ, асаларичиликда интенсив усулларни қўллаб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва экспортга катта ҳисса қўшаётган деҳқон, чорвадор ва экспортчилар бор.

Сув танқис шароитда каналларни бетонлаш, сувнинг ҳисобини жойига қўйиб, адолатли тақсимлаётган ирригация-мелиорация ходимлари ва механизаторлар, қишлоқ ва сув хўжалигига илм-фаннинг янги ютуқларини олиб кираётган, уруғчилик, наслчилик ва агротехнология бўйича инновациялар яратаётган олимлар ҳам юксак мукофотларга сазовор бўлди.

Пахта, ғалла ва боғдорчиликда кескин ўзгариш қила олган Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм вилояти ҳокимларининг қишлоқ хўжалиги бўйича ўринбосарлари, Қува, Балиқчи, Дўстлик, Қуйи Чирчиқ ва Нукус тумани ҳокимлари ҳам бор.

Давлатимиз раҳбари юксак унвон, орден ва медалларни ўз эгаларига тантанали равишда топширди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер