Ўзбекистон–Италия: ҳудудлар даражасида стратегик ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишувларга эришилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Давлат хизматида бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси доирасида мамлакатимиз делегацияси Италияда бўлиб, давлат бошқаруви ҳамда ҳудудларни ривожлантириш йўналишларида қатор муҳим келишувларга эришди.
Маълум қилинишича, Италиянинг Ҳудудий ишлар ва автономиялар вазирлиги, шунингдек, Лацио вилояти раҳбарияти билан ўтказилган музокараларда икки давлат ҳудудлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган устувор вазифалар белгилаб олинган.
Келишувларга мувофиқ, Италиянинг маҳаллий бюджет барқарорлигини таъминлаш бўйича илғор тажрибасини Тошкент, Сурхондарё, Наманган ва Бухоро вилоятларида жорий этиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон вилоятлари ва Италия округлари ўртасида тўғридан-тўғри инвестициявий ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришилган. Хусусан, Лацио округи билан Тошкент вилоятида фармацевтика ва логистика, Тоскана билан Бухоро вилоятида туризм, Эмилия-Романья билан Наманган вилоятида тўқимачилик ва асаларичилик, Абруццо округи билан эса Сурхондарё вилоятида узумчилик йўналишларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Таълим ва инновация соҳасида ҳам қатор ташаббуслар муҳокама қилинган. Жумладан, Рим университетининг Тошкентда филиалини очиш, Паркент туманида “энотуризм” комплексини барпо этиш, шунингдек, “Lazio Innova” агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлиги ҳамкорлигида инновацияларни қўллаб-қувватлаш бўйича ишчи гуруҳ тузишга келишилган.
Маълумотга кўра, келишувлар доирасида 2026 йил март ойига қадар аниқ инвестицион лойиҳаларни шакллантириш ҳамда “Тошкент–Лацио ҳудудлари” бизнес форумини ўтказиш режалаштирилмоқда.
Қайд этилишича, мазкур ҳамкорлик давлат бошқарувини сифат жиҳатидан янгилаш ва ҳудудлар иқтисодиётига хорижий тажрибани самарали татбиқ этишга хизмат қилади.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нилуфардан Қобилжонгача... Қобулжон Россияда этник нафрат туфайли ваҳшийларча ўлдирилган биринчи бола эмас
- Ўрта Осиёдаги энг баланд янги йил арчаси — Наманганда
- Ялдо туни: Ерликлар бугун энг узун тун ва энг қисқа кунга гувоҳ бўлади
- Дуал таълим — етук мутахассис тайёрлаш кафолати
- “Ўзбекистон – дунёга ҳали очилмаган илм хазинаси” — Халқаро автомобиль федерацияси Президенти
- Она тили ва адабиёт фанидан мустақил ўқиш учун тавсия этилган бадиий асарлар рўйхати эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг