Ўзбекистон делегацияси халқаро стратегик коммуникация форуми – Stratcom Summitʻ24да иштирок этди

11:13 16 Декабрь 2024 Жамият
221 0

Жорий йилнинг 13-14 декабр кунлари Истанбул шаҳрида Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармаси томонидан тўртинчи бор Халқаро стратегик коммуникация форуми – Stratcom Summit24 ўтказилди. Туркиянинг энг катта алоқа саммити бўлган мазкур нуфузли форумда Ўзбекистон делегацияси таркибида “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков иштирок этди.

Тадбирнинг очилиш қисмида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған иштирокчиларга мурожаат йўллади. Шунингдек, саммитда Туркия Вице-президенти Жевдет Йилмаз, Президент ҳузуридаги Коммуникация Бошқармаси раҳбари Фахретдин Алтун иштирок этди.

Президент ҳузуридаги Коммуникация Бошқармаси раҳбари Фахретдин Алтун ўзининг кириш сўзида Stratcom Summit24 доирасида кўриб чиқиладиган глобал масалалар аҳамияти ва мақсадлари ҳақида гапирди.

“Биз ҳаммамиз кўриб турибмизки, сунъий интеллект ва янги технологиялар коммуникация соҳасида инқилобий имкониятлар яратиб бермоқда. Бироқ, бу ўзгариш фақат ижобий жиҳатлари билан келмаяпти. Ушбу ўзгаришнинг, шунингдек, эътибор берилиши керак бўлган жуда муҳим хавфлари ҳам мавжуд. Биз Stratcom Summit24 доирасида дунёнинг турли давлатларидан келган иштирокчилар билан биргаликда бу имкониятлар ва хавфларни, сунъий интеллект технологияларини инсониятга фойда келтирадиган тарзда қандай шакллантиришимиз кераклиги каби масалаларни муҳокама қиламиз” – деди Фахретдин Алтун.

Дарҳақиқат, “Коммуникацияда сунъий интеллект: тенденциялар, тузоқлар ва ўзгаришлар” мавзусига бағишланган саммит халқаро алоқанинг етакчи шахсларини сунъий интеллект билан биргаликда коммуникация соҳасидаги ўзгаришларни муҳокама қилиш учун ягона платформада жамлади.

Жумладан, халқаро стратегик коммуникациялар форумида дунёнинг 30 мамлакатидан етакчи давлат ва хусусий ташкилотлар, фуқаролик жамияти, оммавий ахборот воситалари, илмий доиралар ва таҳлил марказларидан 64 нафар маҳаллий ва хорижий экспертлар, шунингдек, 8 та панел, 4 та маъруза ва 6 та индивидуал сессияларда 3 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Stratcom Summit24 доирасида коммуникация соҳасидаги сунъий интеллектнинг ўзгартирувчи таъсирига эътибор қаратилиб, оммавий коммуникация, янги алоқа стратегиялари, журналистика, рақамли медиа ва дипломатия, дезинформацияга қарши кураш ва инқирозни бошқариш, рақамли ахлоқ ва киберхавфсизлик каби турли долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Халқаро тадбирнинг биринчи кунида “Миллий стратегияда сунъий интеллект: рақамли трансформация ва стратегия”, “Дезинформацияга қарши курашда сунъий интеллект: давлат ташкилотлари учун стратегик воситалар”, “Сунъий интеллект даврида рақамли шаффофлик: маълумотлар хавфсизлиги орқали жамоатчилик манфаатларини таъминлаш”, “Халқаро стратегик алоқада сунъий интеллект: Глобал ҳамкорликлар ва ҳуқуқий тартибга солиш” мавзуларида панель сессиялар ташкил этилди.

Жумладан, саммитнинг “Дезинформацияга қарши курашда сунъий интеллект: давлат ташкилотлари учун стратегик воситалар” панель сессиясига “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляков модераторлик қилди.

Мазкур сессияда, шунингдек, Туркия президенти ҳузуридаги Коммуникация бошқармасининг дезинформацияга қарши кураш маркази координатори Идрис Кардаш, Озарбайжон оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш агентлиги директори Аҳмет Исмайлов, БМТ Жакарта офиси ахборот маркази директори Миклос Гаспар, Сербия Жамоатчилик ахбороти давлат котиби Милош Гарич ва NE Global халқаро ахборот ташкилотининг Европа Иттифоқи ва Италия сиёсий масалалари бўйича бош муҳаррири Федерико Грандессо иштирок этди.

Экспертлар сунъий интеллект ёрдамида ёлғон ахборотларга қарши курашишнинг янги усуллари ва дезинформациядан ҳимояланиш бўйича дунё тажрибасини кўриб чиқишди, шунингдек, ўз давлатларида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумотлар беришди.

Муҳокамалар жараёнида таъкидланганидек, бутун дунё ахборот истеъмолчисига айланган бир пайтда дезинформациянинг авж олиши давлатларнинг обрўсига путур етказиб, халқаро муносабатларда ўсишга тўсқинлик қилмоқда ва жаҳонда турли даражадаги низоларнинг келиб чиқишига сабаб бўляпти. Бугунги кунда сунъий интеллектнинг ривожланиши эса ёлғон ва ҳақиқат ўртасидаги фарқни аниқлашни янада қийинлаштирмоқда.

Сессияда дезинформацияга қарши курашда мунтазам равишда давлат хизматчиларининг медиа саводхонлигини, сунъий интеллект ва замонавий технологиялардан фойдаланиш маҳоратини ошириб бориш, миллий ва халқаро қонунчиликни такомиллаштириш кераклиги ва бу йўлда барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?