Ўзбекистон — Бразилия: олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичи
Айни кунларда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети делегацияси Бразилиянинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашиш мақсадида ушбу давлатда бўлиб турибди.
Ташриф давомида Бразилиянинг энг нуфузли, жумладан, “Жаҳон университетлари халқаро рейтинги”да 232-ўринни эгаллаб турган олийгоҳ — Кампинас университетида учрашув ташкил этилди.
Унда ушбу университет ректори Антонио Меиреллес, Халқаро ҳамкорлик бўйича проректор, профессор Освалдир Переира Таранто, Чет тиллари институти директори, профессор Петрилсон Алан Пинҳеиро да Силва, Халқаро ҳамкорлик бўлими масъул ходим Маяра Переира Мораис, шунингдек, ЎзДЖТУ ректори И.Тухтасинов бошчилигидаги делегация аъзолари қатнашди.
Мулоқотда университетлар ўртасидаги ҳамкорликни бугунги замон талаблари даражасида ривожлантириш, илғор таълим методикаларини ҳамда технологияларини татбиқ этиш, талабалар ва профессор-ўқитувчиларни ўқитиш ҳамда малакасини оширишнинг истиқболли лойиҳаларини йўлга қўйиш каби долзарб масалалар бўйича музокаралар ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги таклифига биноан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида португал тилини ўқитишни йўлга қўйиш, Кампинас университетидан тил соҳибларини, маҳаллий мутахассисларни жалб қилиш ва бошқа муҳим масалалар ҳам кўриб чиқилди.
ЎзДЖТУ ректори, профессор И.Тухтасинов ҳамкасбларга Ўзбекистон олий таълим тизимидаги ислоҳотлар, чет тилларини ўқитиш борасида олиб борилаётган давлат сиёсати, хусусан, Президентимиз томонидан таълим ва илм-фанни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли сўнгги йилларда эришилган натижалар ҳақида батафсил маълумот берди.
Шунингдек, Кампинас университети жамоасига юртимизнинг бой маданий мероси, шонли тарихи ҳамда сайёҳлик салоҳияти билан бирга, ЎзДЖТУ фаолияти ҳақидаги видеороликлар намойиш этилди.

Тадбир давомида Кампинас университети раҳбарияти таълим йўналишида янги ва ишончли ҳамкор топганликларини, хусусан, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини билдиришди.
Музокараларда ўқитувчи, талаба ва илмий тадқиқотчилар алмашинувини йўлга қўйиш, малакасини ошириш, қўшма таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда халқаро миқёсдаги илмий-амалий анжуманлар ташкил қилиш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳаларда ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришилди.
Учрашув якунида ЎзДЖТУ ва Кампинас университети ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланди. Эришилган келишувлар асосида “йўл харитаси”ни ишлаб чиқилди.
Шундан сўнг Ўзбекистон делегацияси аъзолари Кампинас университети Фалсафа, чет тиллар ва адабиёти факультети раҳбарияти, профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Ташриф доирасида 2025 йилда Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош Ассамблеясининг 43-йиғилиши олдидан “Ўзбекистон: бебаҳо маданий мероси” мавзуида маданий-маърифий тадбир ташкил этилди.


Унда ўзбек халқининг миллий либослари, ҳунармандчилик намуналари, ширинлик ва миллий таомлар, шунингдек, миллий мусиқа ҳамда рақслари намойиш этилди. Кўтаринки руҳда ўтказилган мазкур тадбир иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
ЎзДЖТУ Ахборот хизмати.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
- Туркия суди Нетаньяҳуни Ғазода геноцид содир этганликда айблаб, ҳибсга олиш ордерини маъқуллади
- Россия НАТОга ҳужум қилиш учун шай ҳолатда — Бундесвер генерали
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг