“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда экология йўналишлари муҳокама қилинди
Фото: Акмал Муҳаммадов/«Халқ сўзи»
Сенатнинг Аграр, сув хўжалиги масалалари ва экология қўмитасининг мажлисида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг қишлоқ ва сув хўжалиги ҳамда экология йўналишларида белгиланган устувор вазифалар, жумладан барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари кўриб чиқилди.
Муҳокамада сенаторлар, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари, доимий комиссия раислари, Қўмита Экспертлар кенгаши аъзолари, тегишли идоралар масъуллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Муҳокама жараёнида қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, сувдан оқилона фойдаланиш, экологик вазиятни тубдан яхшилаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, “яшил иқтисодиёт”га ўтишни жадаллаштириш, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатиш бўйича белгиланган мақсадларга алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, Стратегияда “яшил иқтисодиёт”га ўтиш, унинг асоси бўлган қайта тикланувчи энергиядан фойдаланиш кўрсаткичларини, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ва рентабеллик даражасини кескин ошириш ҳамда ирригация тизими ва сув тежовчи технологияларни ривожлантириш, соҳа бошқарувига хусусий сектор ва давлат-хусусий шериклик механизмларини кенг жорий этиш каби аниқ мақсад ва вазифалар кўзда тутилган.
Хусусан, ҳар бир гектардан олинадиган ўртача даромадни 5 минг долларга, қишлоқ хўжалиги соҳасида экспорт ҳажмини йилига 10 миллиард долларга, ҳосилдорлик кўрсаткичларини пахта бўйича ўртача 45-50 центнерга, ғалла бўйича 90-100 центнерга етказиш назарда тутилган.
Сув хўжалигида объектларни давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга беришни 2012 тага етказиш, насос станцияларини модернизация қилиш, уларнинг электр энергияси истеъмолини кескини камайтириш, сув ишлатиш самарадорлигини 25 фоизга ошириш, қишлоқ хўжалиги экин майдонларини сув тежовчи технологиялари билан таъминлаш даражасини 100 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан ҳажмини 2010 йил даражасига нисбатан 35 фоизга қисқартириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг жами энергия генерацияси (истеъмоли)даги улушини 54 фоизга етказиш, шаҳарлар ҳудудининг камида 30 фоизини яшил майдонлар ташкил этишини таъминлаш, шунингдек аҳоли жон бошига тўғри келадиган республика бўйича умумий яшил майдонлар ҳажмини 37,5 фоизга ошириш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар муҳокама жараёнида иқлим ўзгариши салбий таъсирининг олдини олиш ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратишди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Нега биз ҳалигача ўзга сайёраликлар билан учрашмаганмиз?
- Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини онлайн рўйхатга олиш бошланишига 3 кун қолди
- 16 январь куни баъзи жойларда қор ёғади
- “Катта сакраш” ёхуд Ўзбекистон сунъий интеллект ва рақамли технологиялар ривожида янги босқичга қадам қўйди
- Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади
- Рақамли Ўзбeкистон учун кибeр-ҳуқуқшунослар: Прeзидeнт Фармони юридик таълимнинг янги даврини очади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг