Оролбўйидаги экологик тадбирлар учун 44,1 млрд сўм миқдордаги маблағлар сарфланган

10:57 25 Май 2021 Жамият
561 0

Фото: Алихан УТАРБЕКОВ («Халқ сўзи»)

Бу ҳақда кеча Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг кенгайтирилган йиғилишида маълум қилинди.

Мажлисда Сенат аъзолари, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ҳузурида ташкил этилган экспертлар Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ижросини таъминлаш юзасидан идоралараро Ишчи гуруҳ аъзолари, журналистлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Дастлаб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисига киритилган масалалар дастлабки тарзда муҳокама этилди.

Жумладан, «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияни (Нью-Йорк, 2006 йил 13 декабрь) ратификация қилиш ҳақида»ги ҳамда «Халқаро меҳнат ташкилотининг Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашиш асослари тўғрисидаги 187-сонли Конвенциясини (Женева, 2006 йил 15 июнь) ратификация қилиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунлари қўмита йиғилишида дастлабки тарзда муҳокама қилинди.

Шунингдек, қўмита йиғилишида «Транспорт тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ҳам дастлабки тарзда кенг муҳокама қилинди. Сенаторлар томонидан ушбу Қонуннинг асосий мақсади халқаро меъёрларни инобатга олган ҳолда барча турдаги транспорт воситаларининг оптимал ва мувозанатлашган ўзаро алоқаси ҳуқуқий, иқтисодий ва ташкилий асосларини белгилашдан иборат эканлиги, бу ўз навбатида соҳа фаолиятини самарали ташкил этишда ягона транспорт тармоғига бирлашиш, самарали транспорт-логистика тизимидан фойдаланиш асосида транспорт турларини уйғун ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини ишлаб чиқишда муҳим ўрин тутиши қайд этилди.

Бундан ташқари, сенаторлар Давлат бюджетининг 2020 йил якунлари бўйича ижроси ҳам кўриб чиқди.

Давлат бюджетининг 2020 йилдаги харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 144 трлн 142,7 млрд сўмни ёки ялпи ички маҳсулотга нисбатан 24,8 фоизни ташкил этган.

Оролбўйи минтақасида амалга оширилаётган экологик тадбирлар учун 44,1 млрд сўм миқдордаги маблағлар сарфланган.

Шунингдек, 2020 йил Оролбўйи минтақасини ривожлантириш дастури доирасида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида амалга ошириладиган 149 та лойиҳаларга ажратилган маблағлар миқдори 207,1 млрд.сўмни ташкил этганлиги қайд этилди.

Шунингдек йиғилишда «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ривожлантириш дастури» ижроси юзасидан ҳам ахборот берилди.

Таъкидланганидек, Дастурга мувофиқ жорий йил 1 май ҳолатига 840 та (62 фоиз) лойиҳа (4 трлн. 777,8 млрд. сўмлик) ишга туширилиб, 5 минг 75 та (29 фоиз) янги иш ўринлари яратилди.

Ҳозирда Оролбўйи ҳудудларида Халқаро молия институтларининг қиймати 1 326,7 млн. АҚШ долларига тенг 20 та лойиҳаларини амалга ошириш ишлари олиб борилаётганлиги таъкидланди.

Сенатнинг Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси ташаббуси билан жорий йил 3-6 май кунлари Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги терапия йўналишидаги бош мутахассисларидан иборат гуруҳнинг «Темир дафтар» ва «Аёллар дафтари»га киритилган ва ётоқда қолган беморларни «хонадонбай» тизим асосида тиббий кўрикдан ўтказиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикасига хизмат сафари ташкил этилди. Нукус шаҳри, Қўнғирот, Чимбой ва Беруний туманларида истиқомат қилувчи 226 нафар бемор тиббий кўрикдан ўтказилди. Беморларнинг 11 нафари Қорақалпоғистон Республикаси қўп тармоқли тиббиёт марказида, 4 нафари Тошкентдаги ихтисослаштирилган тиббий марказларда даволанишга, 3 нафари буйрак трансплантациясига ҳамда бир нафари юрак жарроҳлик операциясига тавсия қилинди.

Йиғилиш якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер