Олганнинг ҳовучи тўлади
Жондорлик Ҳабибулла аканинг суҳбати ширин. Ёши анчага бориб қолганига қарамай хотираси ўткир бу юртдошимизнинг бир ҳикояси ёдда муҳрланиб қолган.
– Бу воқеани дўст-биродарларга ҳар гал айтиб берганимда кўнглимда ғурур ҳиссини туяман, – дея гап бошлаганди у. – Ўтган асрнинг 20-йиллари охирида “Бунинг от-араваси, фалон таноб ери бор”, деб Ёриқул бобомнинг мол – мулки мусодара этилади. Ўзи “қулоқ” қилинадиган кишилар рўйхатига киритилади.
Тун ғира-ширасида уйга сўроқсиз кириб келган чақирилмаган меҳмонлардан бири зарил буюмларни олиб, зудлик билан йўлга отланмоқни буюради. “Қулоқ” қилинаётган киши бундай пайтда ўзи билан нимани олиши мумкин? Биринчи галда егуликни, албатта.
Киндик қони тўкилган гўшасидан ноҳақ бадарға этилаётган, бор бисотидан айрилган, кўнгли қаддидан баттароқ чўккан бобом чуқур хўрсиниб, токчага имо қилади. Бувимга “Сен китобларни ол”, дейди. Шунда бувим “Йўқ, дадаси, сиз менга қараганда бақувватсиз. Китоблардан кўпроқ ола қолинг. Мен эса нонни...”, дея ошхонага йўл олади.
Бобом ўшанда бувимни алқаб, “Гапинг тўғри. Бир донишманд “Олганнинг ҳовучи, берганнинг қалби қувончга тўлади”, деган экан. Бу китобларни насиб этса, вақти келиб невараларимизга улашамиз. Ўқишади. Оқу қорани танийдиган, ҳаётнинг қадрига етадиган бўлиб вояга етишади”, деган экан. Биз бобомиздан мерос Алишер Навоий, Фузулий, Бобораҳим Машраб китобларини ўқиб асло кам бўлмадик.
Ҳа, аждодларимиз ўз ҳаётлари қил устида турган паллада ҳам илму маърифатни унутишмаган. Китобни нондек азиз билишган. Ҳабибулла аканинг бу ҳаётий ҳикояси “Ўқиб олим бўлармидинг”, дея қўлига китоб олган боласининг кўнглини чил-парчин этадиган айрим кишиларга сабоқ бўларли, албатта.
Истам ИБРОҲИМОВ
(«Халқ сўзи»).
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг