«Оғир» тоифадаги ширкатлар фаолияти тугатилмоқда. Бу одамларга нима беради?
Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида ҳар бир вазирлик ўз ишини туман, шаҳар, қишлоқ ва маҳалла кесимида режалаштириши лозимлигини алоҳида таъкидлаган эди. Сўнгги пайтларда амалга оширилаётган ишлар кенг кўламли бунёдкорлик жараёни туфайли Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги тизимида ҳам бу борада катта тажриба тўпланди. Хусусан, кўп квартирали уйларда истиқомат қилаётган аҳоли учун муносиб яшаш шароитини яратиш ва уйларнинг техник ҳолатини яхшилаш жараёни доимий назоратга олинган. Бу ҳақда вазирлик томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
— Ҳозирги кунда республикамизда жами 37 402 та кўп квартирали уй бўлса, охирги ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 34 894 та кўп квартирали уй 4 430 та ширкатлар томонидан бошқарилади, — дейди Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назиров. — 2 378 та уй эса ўзини-ўзини бошқариш тизимида фаолият юритади. Жами 4 430 та ширкатнинг 1 351 тасининг молиявий ҳолати «яхши», 1 903 таси «ўрта» ва 1 176 таси «оғир» тоифалидир. Натижада «оғир» тоифадаги барча ширкатлар фаолияти тугатилиб, улар тасарруфидаги уйларни янги ташкил этилаётган Бошқарув ташкилотларига ўтказиш чоралари кўрилмоқда.
Бугун қайси ширкат раҳбари билан гаплашманг, кредит олганини, уни қайтариш учун аҳоли тўловларни ўз вақтида тўлаши лозимлигини айтади. Вазирлик мутахассислари бу бўича ҳам ўрганиш олиб боришди. Натижада, таҳлилларга кўра, 2017-2020 йиллар давомида кўп квартирали уйларни таъмирлаш дастури доирасида тижорат банклари томонидан
3 966 та ширкатларга ўртача 3 йиллик муддат билан жами 1,45 трлн. сўм кредит берилган. Жорий йилнинг 1 январь ҳолатига ушбу маблағларнинг 73,4 млрд. сўми муаммоли кредит эканлиги маълум бўлди. Шунингдек, аҳолининг ширкатлар олдидаги мажбурий бадал тўловлардан карздорлиги ҳам кам эмас: 192,7 млрд. сўм.
Бугунги кунда ушбу ширкатларнинг жами кредит қарздорлиги
642,6 млрд.сўмни ҳамда муаммоли кредит қарзи 58,1 млрд. сўмни ташкил қилади. Тижорат банклари томонидан «оғир» тоифадаги ширкатларнинг фаолияти тугатилиб, уларнинг кредит қарздорлигини бошқарув ташкилотларига ўтказиб бериш ва кредит маблағларини 3 йилгача муддатда пролангация қилиш механизми ишлаб чиқилмоқда.
Бундан ташқари, тизимда Инвестиция дастури доирасида бажарилаётган ишлар ҳам диққатга сазовор. Ўтган йили халқаро молия институтлари иштирокидаги 16 та лойиҳа доирасида 83,6 млн. доллари миқдорида маблағлар ўзлаштирилгани, жорий йилда 21 та лойиҳа доирасида 217,6 млн. Долларлик инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилгани шундан далолат беради.
Хусусан, Жаҳон банки иштирокида умумий қиймати 220,7 млн. доллар бўлган «Андижон, Бухоро, Самарқанд, Чирчиқ, Тошкент шаҳар Сергели тумани иссиқлик таъминоти тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш» лойиҳаси доирасида 2021 йилда 16,5 млн. доллар миқдоридаги кредит маблағлари ҳисобидан қурилиш ва реконструкция ишларини амалга ошириш кўзда тутилган.
Республика аҳолисини қиш мавсумида иссиқлик энергияси (кўп квартирали уйларни ва ижтимоий соҳа объеткларини иситиш ва иссиқ сув) билан узлуксиз таъминлашни ташкил этиш мақсадида ҳудудий иссиқлик таъминоти ташкилотларида кучайтирилган иш режимида фаолият юритиш йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, марказлашган сув таъминоти тизими ривожлантириш орқали шаҳар ва аҳоли пунктларида сифатли ва хавфсиз ичимлик сувга бўлган эҳтиёжни қондириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган. Бироқ, марказлашган ичимлик суви таъминоти етиб бормаган ёки бунинг имкони бўлмаган олис қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлаш муаммоси ҳал этилмай келаётган эди. Президентимизнинг 2020 йил 25 сентябрдаги Фармони ана шундай масалаларга ечим топишда айни муддао бўлди. Яъни мазкур ҳужжат асосида ҳокимликлар билан биргаликда аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражаси аниқлаш мақсадида навбатдаги хатлов тадбирлари ўтказилди. Шундан келиб чиққан ҳолда, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига давлат ижтимоий буюртмалари доирасида 2021 йилда Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларида, 2022 йилдан бошлаб эса республиканинг бошқа ҳудудларида аҳолини ичимлик суви билан таъминлашни амалга ошириш топшириғи белгиланди.
Умуман олганда, бугун республикамизнинг 73 фоиз аҳолиси марказлашган ичимлик суви билан, 19,2 фоизи альтернатив, яъни качалка, дарё, канал, қудуқ, булоқ ва ҳовузлардан, 8,8 фоизи аҳоли эса ташиб етказиб бериш орқали ичимлик сувидан фойдаланаётгани ҳали қилиниши зарур ишлар кўплигини англатади.
Дилшод УЛУҒМУРОДОВ, «Халқ сўзи»
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- 21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни
- Ўз халқини Сиз каби чин дилдан севадиган давлат раҳбарини учратмадим – «ACWA Power» компанияси бошқаруви раиси Муҳаммад Абунайян
- Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида Самарқанд мактабининг янги нафаси
- Иш билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар ва касбга оид касалликлар ҳақидаги маълумотларнинг яхлит тизими йўқлиги кўрсатиб ўтилди
- Тошкентда дипломатик ваколатхоналар ва халқаро ташкилотлар ўртасида ХІХ халқаро мини-футбол турнири ташкил этилди
- Ўзбекистоннинг янги траекторияси: Асосий хорижий трансферлар харитаси
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг