Нукусда ёғаётган қор — ерга барака, деҳқонга умид бағишламоқда
Бугун Нукус шаҳрида кўпдан кутилган қор ёғмоқда. Қишнинг бу неъмати шаҳар кўчаларига ўзига хос гўзаллик бахш этиб, қишнинг сўлим манзараларини яратмоқда. Қорли кун, шунингдек, автомобиллар ёнилғиси — “метан” таъминотидаги узилишлар сабаб машинасини қўйиб, ишга пиёда чиққан юртдошларимизнинг ҳам кайфиятини кўтармоқда.


Кўчада ҳаракатланаётган болалардан тортиб катта ёшдагиларгача қор ёғаётганидан завқ олаётгани юз-кўзларидан яққол билиниб турибди. Қор нафақат шаҳарга оқлик ва поклик олиб кирди, балки одамлар қалбига ҳам илиқлик улашмоқда.


Дарвоқе, халқимиз орасида қор ёғиши қадимдан сувнинг кўпайиши, ернинг тўйиши ва ризқ-рўзнинг мўл бўлишининг аломати сифатида қабул қилинган. “Қор ёғса — ер тўйди”, “Қор суви — ернинг жони”, деган нақллар бежиз айтилмаган.

Айниқса, қор сувининг деҳқончиликдаги аҳамияти беқиёс. Ёғган қор ерга секин-аста сингиб, намлик захирасини тўлдиради, ернинг қотиб қолишининг олдини олади ва баҳорги экинлар учун табиий озуқа вазифасини ўтайди. Бу эса ерларни самарали суғориш ва келгуси ҳосил учун мустаҳкам замин яратади.

Мутахассислар ҳам қор қопламининг сақланиб туриши ер унумдорлигини ошириб, баҳор фаслида сув танқислигини юмшатишда муҳим омил эканини таъкидлайдилар.


Нукус шаҳрида ёғган бугунги қор ҳам деҳқонлар учун умид, ер учун барака, халқимиз учун эса табиатнинг навбатдаги эҳсони сифатида қабул қилинмоқда. Қор билан бирга келган оқлик ва сокинлик ҳар бир хонадонга фаровонлик ва тўкинлик тилагини олиб кирмоқда.

Ғайрат ОТАЖОНОВ, “Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича 3 миллионта файлни эълон қилди
- Трамп Кубадан келаётган таҳдид сабаб АҚШда фавқулодда ҳолат эълон қилди
- Буюк шоирнинг Самарқанддаги табаррук излари
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
- Уруш, жасорат ва спорт: ҳафта давомида дунё эътиборини тортган 10 та сурат
- «Humans» Ўзбекистондан юзлаб миллион доллар зарарни қоплашни талаб қилмоқда
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг