Ўзбекистон Президентининг Покистонга давлат ташрифи якунланди
Фото: Президент матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Покистон Ислом Республикасига давлат ташрифининг тадбирларга бой дастури якунига етди.
Давлатимиз раҳбари Исломободда Покистон Ислом Республикаси Президенти Асиф Али Зардорий ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф билан батафсил музокаралар ўтказди. Ўзбекистон – Покистон дўстлик ва стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда сиёсат, савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, логистика ва гуманитар соҳалардаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш билан боғлиқ асосий масалалар муҳокама қилинди.
Олий даражадаги музокаралар якунида устувор соҳаларда ҳамкорликни чуқурлаштириш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўплами имзоланди.
Шунингдек, Покистон Мудофаа кучлари Бош қўмондони – Қуролли Кучларнинг Қуруқликдаги қўшинлари қўмондони Асим Мунир, Бош вазир ўринбосари, ташқи ишлар вазири Исҳоқ Дор билан учрашувлар бўлиб ўтди.
Давлатимиз раҳбари икки кунлик ташриф давомида Ўзбекистон – Покистон бизнес форумида иштирок этди ва Покистоннинг етакчи ишбилармон доиралари вакиллари билан учрашди.
“Айвони Садр” қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентига Покистоннинг олий давлат мукофоти – “Нишони Покистон” орденини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Бундан ташқари, давлатимиз раҳбарига Покистоннинг етакчи олий таълим муассасаларидан бирининг фахрий доктори ва профессори унвонлари берилди.
Покистон пойтахтидаги кўчалардан бирига Тошкент, янги барпо этилаётган боққа эса Заҳириддин Муҳаммад Бобур номи берилгани тарихий мерос муштараклиги, Ўзбекистон ва Покистон халқларини янада яқинлашганининг рамзи бўлди.
Давлат ташрифи якунлангач, Президентимиз Тошкентга жўнаб кетди. “Нурхон” аэропортида олий мартабали меҳмонни Покистон Бош вазирининг махсус маслаҳатчиси – саноат ва ишлаб чиқариш вазири Ҳорун Ахтар ва бошқа расмийлар кузатиб қўйди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Алишер Навоий – илм ва маъно эҳтиёжи манбаи
- Инвесторлар учун энг жозибадор ҳудуд ёхуд инвeстиция оқимидаги кескин тафовутнинг сабаб ва оқибатлари
- Илм-фан соҳасида хотин-қизларга яратилган имкониятларга бағишланган анжуман
- Бедилни халққа танитган хаттот
- Ўзбекистонда инсон аъзоларини 3D биопринтерда чоп этиш имконияти яратилмоқда
- Ўзликни англаш сари муҳим қадам: «Миллий қадриятлар атласи» китоб-альбоми тақдимот қилинди (+видео)
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг