Нукусда ҳосил байрами нишонланди

13:25 17 Декабрь 2024 Жамият
166 0

Ғайрат ОТАЖОНОВ/«Халқ сўзи». Ҳар йили Қорақалпоғистонда Ҳосил байрами турли кўнгилочар томошалар, спорт мусобақалари уюштирилган ҳолда ўзгача руҳда ўтказилади. Анъанага кўра жорий йилда ҳам Нукус шаҳрининг шимолий қисмидаги Отчопар майдонида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Раиси Аманбай Оринбаев сўзга чиқиб, йиғилганларни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан табриклади. Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, соҳага янги техника ва инновацион технологияларни жорий этиш, ер-сув ресурсларидан самарали фойдаланишни кенгайтириш, аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, Президентимиз томонидан Қорақалпоғистон учун алоҳида қабул қилинган қарор ва фармонлар асосида амалга оширилаётган ишлар таъкидланди.

Байрам тадбирида “Энг илғор фермер хўжалиги”, “Энг яхши боғбон”, “Энг яхши чорвадор фермер”, “Энг яхши паррандачи”, “Энг яхши балиқчи”, “Энг яхши асаларичи”, “Энг яхши пиллакор”, “Энг яхши механизатор,” “Энг яхши комбайнчи”, “Энг яхши қоракўлчилик хўжалиги”, “Энг яхши ирригатор”, “Энг яхши мелиоратор”, “Энг яхши ветеринар”, “Энг яхши ўсимликларни ҳимоя қилувчи лаборант” каби номинациялар бўйича соҳа ходимларига қишлоқ хўжалиги техникалари ва қимматбаҳо совғалар топширилди.

Туманлар орасида ўтказилган арқон тортиш мусобақаларида Чимбой тумани биринчи, Қўнғирот тумани иккинчи, Тахтакўпир тумани жамоаси учинчи ўринларни эгаллади.

Полвонлар курашида бош соврин учун майдонда Захириддийин Зайтов ва Ерназар Сарсенбаев беллашди. Ғолибга 50 млн. сўм пул мукофоти топширилди.

Байрам томошаларида от чоптириш мусобақасига ҳам барчанинг эътибори қаратилди. Маррага биринчи бўлиб тулпори билан етиб келган чавандоз Махсут Абдиразаховга “Oniх” автомашинаси туҳфа қилинди.

Қўчқорлар уриштириш ўйинлари ҳам томошабинларда катта қизиқиш уйғотди. Унда Нукус шаҳри, Беруний, Қонликўл, Қўнғирот, Амударё туманларидан ҳар бир ғолиб чиққан қўчқор эгаларига қимматбаҳо совғалар топширилди.

Байрам иштирокчиларига деҳқонларимиз томонидан етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси, моҳир ошпазларимиз тайёрлаган турли таомлар намойиш этилди. Санъат усталари ижросидаги концерт дастури барчага завқ бағишлади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?