Нодирбек Ёқуббоев «Prague Chess Festival Challengers» ғолибига айланди

12:43 08 Март 2025 Спорт
263 0

Ўзбекистонлик иқтидорли шахматчи Нодирбек Ёқуббоев Чехиянинг Прага шаҳрида ўтказилган «Prague International Chess Festival» турнирида ғолибликни қўлга киритди. У «Challengers» гуруҳида иштирок этиб, сўнгги турда даниялик гроссмейстер Жонас Бжеррени мағлуб этди ва мусобақа чемпионлигини расмийлаштирди.

Турнир 26 февраль – 7 март кунлари бўлиб ўтди ва унда бир қатор кучли шахматчилар иштирок этди. Ёқуббоев барқарор ва ишончли ўйин намойиш этиб, муҳим ғалабаларга эришди. Бу натижа унга мусобақа ғолиби бўлиш ва халқаро рейтингини янада ошириш имконини берди.

Ўзбекистон шахмат федерацияси Нодирбек Ёқуббоевнинг ушбу ютуғини юртимиз шахматчилари учун муҳим натижа сифатида баҳолади. Бу ғалаба унинг келгуси йирик мусобақаларда иштирок этиши ва халқаро рейтингда янада юқори ўринларни эгаллаши учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Ёқуббоев сўнгги йилларда ўзининг кучли ўйини ва стратегик тафаккури билан халқаро шахмат майдонларида юксак натижаларга эришиб келмоқда. Унинг бу галги ютуғи Ўзбекистон шахмат мактабининг яна бир йирик муваффақияти бўлиб, ёш шахматчилар учун ўрнак бўлади.

«Prague Chess Festival» ҳар йили ўтказиладиган нуфузли мусобақалардан бири бўлиб, бу йилги чемпионлик ўзбек гроссмейстери учун катта тажриба ва янги муваффақиятларга йўл очади.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер