Нодирбек Абдусатторов Бухарестда: у қандай турнирда иштирок этиши кутилмоқда?

11:22 06 Май 2025 Спорт
92 0

7–16 май кунлари Руминиянинг Бухарест шаҳрида классик шахмат бўйича жаҳоннинг энг кучли гроссмейстерлари иштирокида нуфузли мусобақа — «Superbet Chess Classic Romania» турнири бўлиб ўтади. Ушбу турнир «Grand Chess Tour 2025» таснифига киради ва умумий мукофот жамғармаси 350 минг АҚШ долларини ташкил этади.

Беллашувда Ўзбекистон шарафини дунёнинг энг иқтидорли шахматчиларидан бири, гроссмейстер Нодирбек Абдусатторов ҳимоя қилади. У жаҳон шахматининг юлдузлари билан бирга бош соврин учун баҳс олиб боради.

Мусобақада жаҳон чемпиони, ҳиндистонлик Гукеш Доммарадже ҳам иштирок этади. Шунингдек, АҚШ вакили Фабиано Каруано, ҳиндистонлик ёш истеъдод Рамешбабу Праггнанандҳа, франциялик юлдуз Алиреза Фирузджа, АҚШ гроссмейстерлари Уэсли Со ва Левон Аронян, поляк шахматчиси Ян-Криштофф Дуда, француз Максим Вашье-Лаграв, шунингдек, мезбон мамлакат вакили Богдан Даниэл Дик каби таниқли шахматчилар ҳам қатнашади.

Турнир 9 турдан иборат бўлиб, ҳар бир иштирокчи барча рақибларига қарши ўйнайди. Бу беллашув нафақат юқори мукофот жамғармаси, балки жаҳон шахмат рейтинглари ва туркум баҳолари учун ҳам муҳим аҳамият касб этади.

«Superbet Chess Classic Romania» — шахмат оламидаги энг йирик ва таъсирли мусобақалардан бири ҳисобланиб, унда иштирок этишнинг ўзи ҳам шахматчининг элита қаторига кирганини англатади. Абдусатторов учун ушбу турнир янги муваффақиятларга йўл очиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер