Непалда оммавий тартибсизликлар: интернет чеклови ортидан “Z авлод инқилоби” бошланди

16:21 10 Сентябр 2025 Дунё
108 0

Непал ҳукумати 4 сентябрдан маҳаллий Ахборот ва алоқа технологиялари вазирлигида рўйхатдан ўтмаган йирик ижтимоий тармоқ ва мессенжерларни блоклади. Тақиққа Meta, YouTube, X (Twitter), Reddit, LinkedIn каби платформалар тушди.

Оппозициядаги Непал коммунистик партияси вакили Хит Радж Панди бу қарорни кескин танқид қилиб, ижтимоий тармоқларни ёпиш мамлакатда сиёсий хаосга олиб келишини олдиндан айтди.

Норозилик намойишлари

8 сентябрдан пойтахт Катмандуда ёшлар иштирокида оммавий намойишлар бошланди. ОАВ уларни “Z авлод инқилоби” деб атади. Қўзғолон тезда йирик шаҳарларга ҳам тарқалди.

Талатўп ва қурбонлар

“Himalayan Times” хабарига кўра, Катмандуда 500 дан ортиқ киши жароҳат олган, 22 киши ҳалок бўлган. Улар орасида собиқ бош вазир Жала Натх Ханалнинг рафиқаси ҳам бор. Уч нафар полициячи ҳам ҳалок бўлган.

Норозилар президент Рам Чандра Паудел резиденциясини, ҳукуматнинг Сингха Дурбар саройини, парламент ва Олий суд биноларини ёқиб юборди. Ҳокимият идоралари, прокуратура ва суд биноларидан иш ҳужжатлари олиб чиқилиб йўқ қилинди.

Молия вазири Бишну Прасад Паудел намойишчилар томонидан калтакланган. Хусусий авиакомпания Simrik Airlines офисида ҳам ёнғин чиқарилди — бу авиакомпания вертолётлари мансабдорларни эвакуация қилишда ишлатилгани айтилади.

Катмандудаги Трибхуван халқаро аэропорти ёпилди, шаҳарда армия жойлаштирилди. Бхайрахава аэропорти ҳам ёқиб юборилди. Лалитпурдаги қамоқхонадан 1,5 мингдан зиёд, Жалешварда эса 570 маҳбус қочиб кетди.

Сиёсий оқибатлар

Кучайиб бораётган норозиликлар туфайли ҳукумат 9 сентябрдан ижтимоий тармоқларга қўйилган блоклаш чорасини бекор қилди.

Президент Рам Чандра Паудел бош вазир Шарма Олининг истеъфосини қабул қилди. Ички ишлар вазири Рамеш Лекхак ҳам лавозимидан кетди. Шунингдек, оппозициядаги миллий-демократик партиянинг 42 депутати ўз ваколатларини топширди.

Истеъфога чиқишидан аввал Оли ҳукумат комиссиясига 15 кун ичида воқеалар сабаблари ва уларни такрорланишини олдини олиш чоралари бўйича хулоса тайёрлашни топширган.

Комендантлик соати ва ташқи реакция

Катмандуда комендантлик соати жорий этилди. Туристик ҳудудлар нисбатан тинч бўлиб турибди.

Хитой фуқароларини эҳтиёт бўлишга чақирди, Ҳиндистон эса Непал ҳукумати ва намойишчиларни сабр-тоқатлиликка ундади. Россия элчихонаси ҳукумат билан алоқада эканини билдирди. 

Намойишчилар мамлакат назоратини қўлга олганини эълон қилди, муваққат бош вазир сифатида Катманду мэри Балендра Шахни тайинлаш ва янгидан сайловлар ўтказишни талаб қилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?