«Навоийуран» ДКда касбий касалликлар олдини олиш йўлида янги лойиҳа ишга туширилди

Фото: Халқ сўзи
«Навоийуран» ДКда уран оксиди-чала оксиди концентратини ишлаб чиқариш босқичма-босқич оширилиб, ушбу жараёнда имкон қадар қўл меҳнатини бартараф этиш, муносиб меҳнат муҳофазасини яратиш бўйича аниқ мақсадли чора-тадбирлар белгиланган.
Корхонанинг Марказий моддий-техника базаси барча тузилмаларда ишлаб чиқаришнинг узлуксизлигини таъминлаш ва белгиланган кўрсаткичларни ўз вақтида бажарилиши учун зарур бўладиган ёқилғи-энергетика ресурслари, кимёвий реактивлар, ускуналар, транспорт воситалари, механизмлар ва бошқа товар моддий бойликлари билан таъминлаш ишларни ташкил этувчи муҳим бўлинмаси ҳисобланади. Корхонада ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши хомашё, материаллар ва кимёвий унсурларга бўлган эҳтиёжнинг ҳам ортишига олиб келиши тайин. Айтайлик, аммиакли селитра кўплаб тармоқлар учун муҳим кимёвий реагент ҳисобланиб, табиий уран ишлаб чиқаришда ҳам кенг қўлланилади. Албатта, мутлақо безарар эмас.
— «Инсон қадри учун» деган тамойилга асосланган ижтимоий ҳимоя сиёсатини юритиш мақсадида таъминот базамизда ҳам босқичма-босқич замонавий технологиялар амалиётга жорий этилмоқда, — дейди базанинг катта устаси Илҳом Яхшиев. — Хусусан, авваллари ҳар ҳафтада 135 тонна, яъни 2700 та 50 кг ҳажмдаги қопларни ортиш ва тушириш жараёнлари ишчиларнинг қўл меҳнати билан ва елкалаб амалга оширилган. Бу кўп вақт билан бирга оғир жисмоний меҳнатни ҳам талаб этарди.
Корхона раҳбарияти томонидан ушбу масаланинг оптимал ечимига алоҳида эътибор қаратилиб, ишчи-ходимларнинг оғир ва машаққатли қўл меҳнатини енгиллаштириш мақсадида янги лойиҳага қўл урилди.
— Ушбу лойиҳа «Зафаробод» кон бошқармасининг таъмирлаш-механика цехи мутахассисларнинг техник ечимлари натижасида яратилди, — дейди корхона матбуот хизмати мутахассиси Ўткир Ўсаров. — База ҳудудида аммиакли селитрани 1 тонналик «Биг-баг» қопларда қабул қилувчи агрегат қурилди. Яъни, аммиакли селитрани юк кўтариш қурилмаси ёрдамида автоматик тушириш ва юклаш ускунаси ишга туширилди.
— Мазкур қурилманинг ишга туширилиши билан биринчидан, омборхонада аммиакли селитрани юклаш-тушириш, шунингдек ушбу реагент истеъмолчилари бўлган геотехнологик конларга уни тушириб олиш жараёнларида қўлланиладиган қўл меҳнатини тугатиш, меҳнатни самарали ташкил этиш имконини берди, — дейди 20 йилдан буён ушбу базада меҳнат қилиб келаётган ишчи Норпўлат Ортиқов. — Олдинлари селитра 50 кг қопларда келтирилиб, 10-15 нафар ходим шу билан банд бўлиб, асосий ишидан узилиб қоларди. Ҳозир корхона раҳбарияти ташаббуси билан жуда осон ва қулай тизим йўлга қўйилди. Асосийси, автоцистерна орқали конга келтирилган аммиакли селитра 3 нафар ишчи томонидан қабул қилиниб, қолганлар ўз иши билан банд бўлмоқда.
Таъкидлаш жоиз, янгилик оғир ортиқча ишларни истисно қилиш билан бирга, меҳнат унумдорлигини ошириш ва энг муҳими турли касбий касалликлар сонини камайтиришга ҳам ёрдам беради.
Темур ЭШБОЕВ, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг