Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 5 йилда 103 фоизга ошди

17:48 11 Октябр 2025 Жамият
208 0

Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар сони 103 фоизга, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи эса 80 баробарга ошган. Бу ҳақда Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази етакчи илмий ходими Мирзо Улуғбек Шамсиддинов маълум қилди.

Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи ва суиистеъмоли инсон генофондига таҳдид солаётган глобал хавфлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармасининг (БМТ НЖБ) 2024 йилги ҳисоботига кўра, 350 миллионга яқин шахс гиёҳвандликдан азият чекмоқда. Ҳар йили 500 мингдан ортиқ киши гиёҳвандлик воситаларининг суиистеъмоли оқибатида ҳаётдан кўз юмади, 28 миллион нафари эса оғир хасталикка чалинади. Жаҳон божхона ташкилоти маълумотларига кўра, 2024 йилда 1347 тонна гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаладан чиқарилган.

Дунё миқёсида кучайиб бораётган бу хавф мамлакатимизга ҳам ўз салбий таъсирини кўрсатмоқда. Сўнгги беш йилда Ўзбекистонда наркожиноятлар 103 фоизга, гиёҳвандлик воситаларининг мусодараси 53 фоизга кўпайган бўлса, синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласи 80 баробарга ортган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу ҳолат давлатлар ўртасида биргаликда қатъий чоралар кўришни талаб этади.

Ўзбекистон бугунги кунда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш йўлида 40 дан ортиқ давлатлар ҳамда 10 га яқин халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Халқаро ташкилотлар орасида БМТ НЖБ ва унинг ихтисослашган тузилмалари алоҳида ўринга эга. Мазкур ҳамкорлик гиёҳвандлик, уюшган жиноятчилик, коррупция ва терроризмга қарши курашиш йўналишидаги саъй-ҳаракатларнинг муҳим таркибий қисмидир.

БМТ НЖБнинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси айнан Ўзбекистонда жойлашган бўлиб, бу минтақада гиёҳвандликка қарши самарали курашни ташкил этишда катта аҳамиятга эга. Бугунги кунда ушбу ваколатхона томонидан қиймати 5 миллион АҚШ долларига тенг 10 та миллий, 20 миллион долларлик 9 та минтақавий ҳамда 7 та глобал лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2015–2024 йиллар давомида Ўзбекистонга қиймати 26 миллион АҚШ долларига тенг техник ва амалий ёрдам кўрсатилган. Шу даврда 300 дан ортиқ семинар, тренинг ва ўқув курслари ташкил этилиб, 4 мингдан зиёд соҳа ходимларининг малакаси оширилган.

Ўзбекистон БМТ НЖБ билан ҳамкорликни юксак баҳолаб, уни янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор ташаббусларни илгари сурмоқда. Хусусан, Президент ташаббуси билан мамлакат БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари бўйича комиссияси аъзолигига 2027 йилда ўтказиладиган сайловда иштирок этиш учун расмий талабнома киритди. Бу Ўзбекистонга гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш борасидаги глобал қарорлар қабул қилинишида фаол иштирок этиш, ҳамкорликни кенгайтириш ва ўз ташаббусларини илгари суриш имконини беради.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг Австриядаги элчихонаси штат жадвалига қўшимча равишда Биринчи котиб лавозимини киритиш режалаштирилмоқда. Бу ташаббус мамлакатнинг халқаро майдондаги иштирокини мустаҳкамлаш ҳамда БМТ доирасидаги ташаббусларни тизимли илгари суриш имконини кучайтиради.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб БМТнинг CHAMPS ташаббусига қўшилди. Мазкур ташаббус гиёҳвандлик профилактикасига қаратилган бўлиб, унинг асосий мақсади — ўсмирлар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, гиёҳвандликка қарши иммунитет яратиш ҳамда ижобий ижтимоий муҳитни ривожлантиришдан иборат.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?