NASA “космик арча” суратини намойиш этди

17:33 26 Декабрь 2025 Илм-фан
626 0

Фото: NASA

NASA олимлари Сомон йўли галактикасида ташқи кўриниши билан янги йил арчасини эслатувчи ноёб космик объектни аниқлади. Ушбу юлдузлар тўплами NGC 2264 бўлиб, Ердан тахминан 2,5 минг ёруғлик йили узоқликда жойлашган. Олимлар уни учбурчак шаклдаги, яшил тусда товланиб турган ёш юлдузлар мажмуаси сифатида тасвирламоқда.

Мазкур объект NASA'нинг “Chandra” рентген обсерваторияси орқали ўрганилган. Тадқиқотлар натижасида NGC 2264 таркибида ёши 1–5 миллион йил орасида бўлган ёш юлдузлар мавжудлиги аниқланган. Уларда Қуёшдан кичик массали юлдузлар билан бир қаторда, массаси Қуёшдан 7 баравар катта бўлган юлдузлар ҳам бор. Шунингдек, АҚШ Миллий фан жамғармасига қарашли 0,9 метрли телескоп орқали олинган оптик маълумотлар яшил туманликдан тарқалаётган газларни кўрсатди.

Олимлар NGC 2264 ни “космик арча” деб аташларига сабаб, газ ва нурланишлар игнабарг дарахт шохларига ўхшаш шакл ҳосил қилганидир. Бироқ NASA тасвир арчага ўхшаши учун у 160 даражага соат мили йўналишида бурилганини маълум қилган. Ёш юлдузлар юқори фаолликка эга бўлиб, рентген нурларида кучли чақнашлар чиқаради.

Таъкидланишича, ушбу кашфиёт астрономлар учун катта аҳамиятга эга. NGC 2264 бир маконда турли ривожланиш босқичидаги юлдузларни ўрганиш имконини беради. Олимлар оптик, инфрақизил ва рентген маълумотларни бирлаштириш орқали юлдузларнинг туғилиши, ривожи ва йўқолиши жараёнларини янада аниқроқ тадқиқ этишни режалаштирмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер