Миллий армия: мард ва жасур ўғлонлар учун чинакам ҳаёт мактаби

11:27 14 Март 2025 Жамият
93 0

Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Фарғона вилоятида муддатли ҳарбий хизматга чақирилган йигитларни тантанали кузатиш маросими ўтказилди. Вилоят ҳокимлиги, Шарқий ҳарбий округ қўмондонлиги, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳарбий хизматчилар, Қуролли Кучлар фахрийлари, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда миллий армия ҳар бир ўғлон учун чинакам ҳаёт мактаби эканлиги таъкидланди.

Тантанали тадбирда Фарғона вилояти ҳокими, ҳарбий-маъмурий сектор раҳбари Хайрулло Бозоров эзгу ниятларини билдириб, Ватан ҳимоясига отланаётган йигитларга шарафли, шу билан бирга масъулиятли ишда омад тилади.

Ҳаётбахш ислоҳотлар натижасида Қуролли Кучларимизнинг жанговар куч-қудрати юксалиб, ўз навбатида, ҳарбийлар учун жаҳон андозалари даражасида замонавий шароитлар яратиб берилгани эътироф этилди. Шу боис миллий армияда хизмат қилиш юрт ўғлонлари учун фахр-ифтихор ҳамда ғурур тимсолига айлангани айтиб ўтилди.

— Бугун набирамни ҳарбий хизматга кузатиш маросимида қатнашиб, бўлажак юрт посбонларининг кўзидаги қувонч, ўзига бўлган ишонч ва масъулиятига ҳавас қилдим, — дейди Риштон туманида истиқомат қилувчи меҳнат фахрийси Умринсо Пўлатова. — Ишонаманки, набирам Собитхон Нурматов ҳам тенгдошлари қатори Ватан олдидаги фарзандлик бурчини шараф билан бажариб, оиламизга ёруғ юз билан қайтади.

Эзгу анъанага кўра, муддатли ҳарбий хизматга кетаётган аскарларга эсдалик совғалари топширилди. Ҳарбийларнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр ижросида янграган ватанпарварлик руҳидаги куйлар тадбирга ўзгача файз ва шукуҳ бахш этди.

Айни кунларда вилоят бўйлаб ана шу каби тантанали кузатиш маросимлари давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер