Масъуллар бепарволик кайфиятидан қачон холос бўлади?

15:04 20 Август 2025 Жамият
212 0

Ёзёвон туманида бугунги кунда ота-боболардан мерос деҳқончилик юмушлари ўзгача меҳр билан давом эттирилмоқда. Айтайлик, моҳир боғбон, халқ селекционери Аҳмаджон Исмоилов оиласи томонидан етиштириладиган лимон ва табиий дармондориларга бой лимон шарбати бутун мамлакатимизда машҳур. Каримжон Охунов картошка етиштириш борасида катта ҳаётий тажрибага эга бўлиб, оила аъзолари билан бир гектар ерда ташкил этилган деҳқон хўжалигида йилига ўртача 30-35 тонна ҳосил олади. Шу кунларда пишиб етилган карам маҳсулотини экспортга жўнатиш учун тайёргарлик кўриляпти.

  Аммо тан олиш керак, туманда ердан унумли фойдаланиш, экспортбоп экинлар етиштириш борасида баъзи камчиликлар ҳам кўзга ташланади. Яқинда туман ҳокими Дилшоджон Жалилов “маҳалла еттилиги” вакиллари билан ўтказилган юзма-юз учрашувда бу каби ҳолатларни кескин танқид қилди. Масъуллар лоқайдлик, бепарволик кайфиятидан халос бўлиши кераклигини таъкидлади.

  —Туман аҳолиси қўлида 2300 гектар томорқа мавжуд. Бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси билан яқин йилларда балл бонитети юқори, сувга ва деҳқончилик қилишга қулай бўлган 1500 гектар ер аҳолига ажратиб берилди,—деди ҳоким.—Бу йил ана шу 1,5 минг гектар ерда 5 миллион долларлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва экспорт қилиш режалаштирилган эди. Афсуски, ушбу жараёнда масъулият ва дахлдорлик туйғуси етишмаслиги туфайли бу борадаги экспорт режаси барбод бўлди. Шунинг учун ҳам биринчи ярим йиллик якунларига кўра, туманнинг экспорт ҳажми 9 фоизга камайди. Аслида ҳар биримиз бундай салбий ҳолатлар билан асло муроса қилмаслигимиз керак.

Шунингдек, жорий йилда буғдойдан бўшаган 6600 гектар ерда такрорий экин сифатида экспортбоп маҳсулотлар етиштириш мақсад қилинганди. Хўш, бу ернинг неча гектарига экспортбоп экинлар экилди? Албатта, натижа ва амалий самара қониқарли эмас. Сабаби, туман миқёсида ғалладан бўшаган 340 гектар ерга кузги картошка экиш кўзда тутилган бўлса, амалда 1 август ҳолатига атиги 62 гектар майдонга картошка экилган, холос. Ёзёвон тумани қишлоқ хўжалиги бўлими мутахассислари томонидан кузги картошка экишда юзаки ҳисоб-китоб қилингани, аниқ маълумот йўқлиги ачинарлидир.      

  Ёшлар ишлари агентлиги Ёзёвон туман бўлими раҳбари Умиджон Деҳқоновнинг маълум қилишича, ҳар бир маҳалла кесимида 28 минг нафардан зиёд йигит-қизлар турли тоифалар бўйича хатловдан ўтказилган. Шунга асосан деҳқончилик қилиш истагини билдирган 1 минг 282 нафар ёшга 344,6 гектар ер берилган.

—Ижара ҳуқуқи асосида маҳалламиз ёшларига 8 гектар, хотин-қизларга 6 гектар ер берилиб, “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида даромад олишмоқда,—дейди “Тошҳовуз” МФЙ ҳоким ёрдамчиси Жавлонбек Файзуллаев.—Ўтган вақт мобайнида ажратиб берилган ердан яхши фойдаланмаётгани учун 10 нафар ижарачининг ери “маҳалла еттилиги” далолатномаси асосида олиб қўйилиб, ердан унумли фойдаланаётган оилаларга қўшиб берилди.

Маҳалла раиси Усмонхон Мусаевнинг қайд этишича, ҳақиқатдан ҳам дастлабки йилларда ердан фойдаланишда жиддий муаммолар юзага келган. Муаммони бартараф этиш мақсадида тажрибали деҳқонлар тажрибалари жойларда оммалаштирмоқда. Эътиборлиси, кейинги йилдан ижарага олинган ерда иссиқхона қуришга рухсат берилди. Шу сабабли 2026 йили 3 гектар ерда замонавий иссиқхоналар барпо этиш бўйича амалий саъй-ҳаракатларга киришилди.

Халқимизда “Ҳолва деган билан оғиз чучимайди”, деган ибратли бир нақл бор. Шу маънода, ишсизлик ва камбағалликни тугатишда фақат яхши ниятнинг ўзи етарли эмас. Бунинг учун пухта ва аниқ режа, изчил равишда амалга ошириладиган амалий ҳаракатлар зарур.

Ботир МАДИЁРОВ

“Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер