Маскан хушҳаво — минг дардга даво

18:06 05 Январь 2024 Жамият
372 0

Бухоро вилоятидаги “Жўйзар” ихтисослашган реабилитация ва соғломлаштириш илмий-тадқиқот марказида “аёллар дафтари”да турувчиларнинг дастлабки гуруҳи даволанишга киришди.

Ғиждувон, Жондор, Бухоро туманлари ва Бухоро шаҳрида истиқомат қилувчи аёллар тиббий текширувлар, шунингдек, тор доирадаги мутахассислар кўригидан ўтиб, физиотерапевтик ва реабилитацион муолажалар олмоқда.

— Мазкур маскан хушҳаво гўшада жойлашган бўлиб, юрак қон-томир, ҳаракат таянч тизими, неврологик ва ошқозон-ичак касалликларини даволашга ихтисослашган, — дейди вилоят Оила ва хотин-қизлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари Меҳринисо Ҳусаинова. — Шу боис “аёллар дафтари”га киритилган, даволанишга муҳтож ёки қарамоғида ногирон фарзанди бўлган 90 нафар хотин-қизни айнан шу ерда соғломлаштириш чора-тадбирларини кўрилмоқда. Ана шу мақсадда “Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси”дан маблағ ажратилди. Бошқармамиз томонидан бу ерда муолажа олаётганлар учун турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда. Чунончи, куни кеча уйда ўтириб даромад топиш мумкин бўлган ҳунарлар ҳақида маълумотлар берилиб, шундай юмушлар билан банд хотин-қизлар томонидан тайёрланган маҳсулотлар кўргазмаси, маҳорат сабоқлари уюштирилди, психологик тренинг ўтказилди.

Ушбу хайрли ишлар давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилмоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер