Мақсадли ва тизимли малака ошириш — давлат хизматчиси фаолият самарадорлигини оширади

11:02 28 Март 2024 Жамият
360 0

Айни кунларда республика бўйлаб ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрлари малака оширмоқда. Бугунга кадар 1 минг 600 нафарга яқин кадрлар малака оширди.

Таъкидлаш керакки, бугун давлат хизмати барқарорлиги, ишончлилиги ва самарадорлигини таъминлаш — давлат хизматчисининг касбий тайёргарлиги, билим ва кўникмасига боғлиқ.

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунда ҳам давлат фуқаролик хизматчилари ўзининг касбий компетенциясини мунтазам равишда ошириб бориши шартлиги белгиланган.

Шу мақсадда, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташаббуси билан Давлат бошқаруви академияси ва унинг ҳудудлардаги филиалларида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридан ўрта ва қуйи бўғин раҳбар кадрларининг касбий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган малака ошириш курслари ташкил этилмоқда.

— Ҳар қандай давлат фуқаролик хизматчиси, ҳар кун натижа кўрсатиши учун касбий билимларини ривожлантириб бориши керак. Бугунги малака ошириш курсларининг дастурлари соҳа ва тармоқлардаги давлат хизматчиларининг зарурий эҳтиёжларидан келиб чиқиб тайёрланмоқда. Ушбу Дастуримиз ҳам тингловчиларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий соҳадаги билимларни оширишга, миллий қадриятларини мустаҳкамлашга, шахсий ва бошқарув кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган, — дейди Агентлик масъул ходими Ойбек Сайидумаров.

60 соатга мўлжалланган махсус курсларда давлат органлари ва ташкилотларининг ўрта ва қуйи бўғинида фаолият юритаётган раҳбар кадрларнинг назарий билим ва бошқарув кўникмалари ривожлантирилмоқда.

Машғулотларда ташкилотчилар давр шиддат билан ўзгараётгани, халқнинг ва ҳукуматнинг бугунги талабларини англаган ҳолда, тезкор жавоб бериш, давлат хизмати имижини оширишда хизматчилар олдида турган муҳим вазифалар ҳақида тушунча бермоқда.

Ўқувлар давомида давлат ҳокимияти ва бошқаруви тизими, коррупцияга қарши кураш, давлат хизматини рақамлаштириш, бошқарув маҳорати каби йўналишларда машғулот ва тренинглар ҳам ташкил этилмоқда.

Якунда номзодларнинг билим даражалари тест синовлари, шахсий ва касбий кўникмалари эса психодиагностик тестлар орқали баҳоланади. Ушбу семинарлар нафақат малака ошириш, балки давлат фуқаролик хизматчиларининг ўзаро мулоқот ва тажриба алмашиш майдонига ҳам айланмоқда.

Гулчеҳра АШУРОВА.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер