Маънавий пойдевор маҳсули
Ўзбекистон ва Покистон халқлари ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ришталари нафақат жўғрофий яқинлик, балки Буюк Ипак йўли чорраҳаларида шаклланган умумий маданий қадриятлар ва ислом цивилизациясининг муштарак анъаналарига асосланади. Бу алоқаларнинг маънавий пойдеворини буюк аждодимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур ва Бобурийлар сулоласи томонидан қолдирилган беқиёс илмий-маданий мерос ташкил этади.
Икки мамлакат ўртасидаги дипломатик маҳорат ва дўстлик тарихида алоҳида ўрин тутган воқеаларга бой мисоллар талайгина. Хусусан, бундан роса 60 йил аввал, 10 январь санасида имзоланган Тошкент декларацияси минтақавий барқарорлик ва иқтисодий алоқаларнинг тикланишида муҳим дебоча бўлган эди. Ўшанда Покистон Президенти Аюб Хон ва Ҳиндистон Бош вазири Лаъл Баҳодир Шастри иштирокидаги музокаралар учун айнан Тошкентнинг танланиши тасодиф эмас эди. Бу танлов замирида Тошкентнинг асрлар давомида минтақавий тинчлик маркази бўлиб келгани ҳамда ҳар икки давлат халқлари учун Бобурийлар сулоласидан мерос қолган юксак эҳтиром ва маънавий яқинлик туйғуси мужассамдир.
Бугунги кунда ушбу маънавий мерос замонавий таълим ва илм-фан соҳасида ҳам изчил давом эттирилмоқда. Тошкент давлат шарқшунослик университетида салкам 75 йилдан буён урду тили, адабиёти ва Покистон тарихи чуқур ўрганилиб, малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Ҳозирда 1500 нафарга яқин покистонлик ёшлар Ўзбекистоннинг етакчи олий ўқув юртларида тиббиёт, муҳандислик ва гуманитар соҳаларда таҳсил олмоқда.
2021 йилда Покистоннинг Панжоб университетида Бобур мероси маркази, Пешовар университетида эса Алишер Навоий номидаги марказ ўз фаолиятини бошлади. Бу масканлар ўзбек тили ва бой маданиятимизни Покистон жамиятида кенг оммалаштиришга хизмат қилмоқда.
Давлатларимиз раҳбарлари ўртасидаги самимий ва ишончли мулоқот стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқди. Президентимиз 2022 йилдаги Покистонга тарихий ташрифи ва икки йил ўтиб эса Покистон Бош вазири Муҳаммад Шаҳбоз Шарифнинг Ўзбекистонга жавоб ташрифи икки томонлама муносабатларда “янги олтин давр” бошланганидан далолат беради.
Бугунги кунда нафақат маданий-гуманитар, балки транспорт-логистика, транзит ва савдо соҳаларидаги қўшма лойиҳалар мамлакатларимизни Жанубий ва Марказий Осиёни боғловчи мустаҳкам ҳалқага айлантирмоқда.
Ўтган йилнинг кузида покистонлик ёзувчи Муҳаммад Аббос Хон “Ўзбекистон: “Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” китобини ёзди. Ўта кўтаринки руҳда асарнинг Исломобод ва Тошкентда тақдимотлари бўлиб ўтди. Дарвоқе, китобга Покистон Бош вазири сўзбоши ёзган, бу эса Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ғоялари ҳамда глобал ташаббусларига бўлган чуқур ҳурмат ва эътирофнинг ёрқин ифодасидир.
Покистон етакчиси Ўзбекистон раҳбари билан минтақалараро алоқаларни янада ривожлантиришга қаратилган йирик қўшма транспорт-коммуникация лойиҳаларини рўёбга чиқариш бўйича амалий фаолиятларнинг давом этаётганини мамнуният билан таъкидлайди.
Мамлакатлар Буюк ипак йўли анъаналарини қайта тиклабгина қолмай, балки уларга янгича маъно ва мазмун ҳам бахш этишмоқда. Биргаликда товарлар, ғоялар ва маданиятлар равнақ топган, инсонийлик тамойилларига асосланган ҳамкорлик, ишонч ва барқарор тараққиёт маконини яратмоқдалар.
“Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Покистон ва Ўзбекистон биргаликда фақат икки давлат ўртасидагина эмас, балки глобал аҳамиятга эга Марказий Осиё ва Жанубий Осиё минтақалари орасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини қураётганини таъкидлади”, дейди М.Ш.Шариф ва ҳамкасбининг барча ташаббусларини қўллаб-қувватлашини қайд этади.
Ўтган ҳафта “Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти Покистон нигоҳида” мавзуидаги бўлиб ўтган халқаро давра суҳбатида ҳам мана шундай кенг миқёсдаги ҳамкорлик давом этаётгани таъкидланди.
Тадбирда сўз олган Покистон “Daily ITTEHAD” медиа гуруҳи раҳбари Тоҳир Фарук Шавкат Мирзиёев тарихга таянган, инновациялар билан бойитилган ва инклюзив ўсишга қаратилган Учинчи Ренессанс ислоҳотлар моделини таклиф этганини таъкидлаб, Ўзбекистонда бой тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш ва тиклаш, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий марказларини яратиш, муқаддас қадамжоларни тиклаш каби йўналишларда олиб борилаётган сиёсат аҳолининг ўзлигини англаши, маданий ва интеллектуал жиҳатдан ўсиши ҳамда “зиёрат туризми” салоҳиятини ошириш ва замонавий туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хизмат қилаётганини эътироф этади.
Нотиқ бу борадаги тизимли ишларнинг Покистон жамоатчилигида катта қизиқиш уйғотаётгани айтади. “Бу каби саъй-ҳаракатлар умумий ўзига хосликни мустаҳкамлайди, жаҳолатга қарши маърифат билан курашишга кўмаклашади ва цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни ривожлантиради. Покистон бу соҳадаги академик алмашинув, илмий ҳамкорлик ҳамда маданий дипломатия орқали янада чуқурлаштиришдан манфаатдор” дейди.
Бугунги кунда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар шунчаки дипломатик алоқалар эмас, балки муштарак манфаатлар ва стратегик шерикликка асосланган янги тарихий даврни бошидан кечирмоқда. Бу ижобий ўзгаришларни нафақат сиёсатчилар, балки кўп йиллардан буён икки халқ ўртасида маънавий кўприк бўлиб келаётган жамоат арбоблари ҳам алоҳида эътироф этмоқда.
Қарийб 45 йилдан буён юртимизда истиқомат қилиб, самарали фаолият юритаётган Муҳаммад Аббос Хоннинг таъкидлашича, Покистон жамиятида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилаётган кенг кўламли ислоҳотлар катта қизиқиш ва ҳайрат билан кузатилмоқда.
“Бу ислоҳотлар ва уларнинг ижобий натижалари нафақат Ўзбекистоннинг равнақига хизмат қилмоқда, балки Покистон жамияти, қолаверса, Марказий ва Жанубий Осиё минтақаларининг ўзаро боғлиқлигини таъминлашда, глобал миқёсдаги барқарор тараққиётни қарор топтиришда беқиёс аҳамиятга эга”, — дейди Муҳаммад Аббос Хон.
Глобал геосиёсий ўзгаришлар ва иқтисодий тебранишлар шароитида Ўзбекистон ва Покистон ҳамкорлиги ўзига хос муваффақият намунасига айланмоқда. Мамлакатларимиз нафақат сиёсий ирода, балки стратегик лойиҳалар орқали географик ва сунъий тўсиқларни муваффақиятли енгиб ўтмоқда.
Бу ҳамкорликнинг келажакдаги устувор йўналишлари, хусусан, “Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар" темир йўли лойиҳаси Марказий Осиёни Ҳинд океани портлари билан боғловчи энг қисқа йўл сифатида минтақавий савдо ҳажмини бир неча баробарга оширишга хизмат қилади.
“Халқ сўзи”.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Президент Ўзбекистон божхона соҳаси ходимларига табрик йўллади
- «Нигилист пингвин». Руҳан эзилган ва ҳаётдан маъно излаётганлар учун ноодатий мем оммалашмоқда
- Тарих ва замонавийлик уйғунлашган шаҳар — Туркия пойтахтидан фоторепортаж
- Тошкентда Осиё Олимпия кенгашига янги раҳбар сайланди (+фоторепортаж)
- Ўзбекистон армияси Марказий Осиёда биринчи ўринда — дунё армиялари рейтинги эълон қилинди
- Табиат ва цивилизация уйғунлашган шаҳар – Сюрихдан фоторепортаж
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг