Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот хизматлари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар ўз ишини бошлади

Бугун Давлат сиёсати ва бошқаруви академиясида маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ахборот хизматлари раҳбарлари учун ўқув-амалий семинар ўз ишини бошлади. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президенти матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
Мазкур ўқув-амалий семинарда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг матбуот хизматлари раҳбарлари, шунингдек, соҳа бўйича мутахассислар ва экспертлар иштирок этмоқда.
Семинар доирасида ахборот сиёсати ва коммуникация жараёнларини самарали ташкил этиш, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, фейк хабарлар ва ахборот хуружларига қарши туриш, инқирозли коммуникацияни ташкил этиш ҳамда замонавий ПР технологиялари, рақамли медиа ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш, сифатли контент яратиш масалалари муҳокама қилинмоқда.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов тадбир очилишида мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ислоҳотлар матбуот котибларининг мақоми ва масъулиятини сезиларли даражада оширгани, фаолияти учун кенг имкониятлар яратганини таъкидлаб, шу билан бирга, соҳада ҳали тизимли камчиликлар сақланиб қолаётганини, ишда етарли даражада тезкорлик, таҳлилий ёндашув ва креативлик етишмаётганини қайд этди.
Шунингдек, оммавий ахборот воситалари билан доимий ҳамкорликда ишлаш, ҳар қандай вазиятда уларнинг саволларига очиқ бўлиш ва ўз вақтида уларга жавоб қайтариш биринчи даражадаги вазифа бўлиши лозимлигини алоҳида таъкидланди.
«Ҳамкасбларимни фаол ва ташаббускор бўлишга, доимий равишда билим ва кўникмаларини ошириб боришга, масъулият, огоҳлик ва юқори профессионалликни намоён этишга, замонавий технологиялар асосида ва оммавий ахборот воситалари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боришга чақираман. Ишончим комилки, бу ўқув-амалий семинар ахборот хизматлари раҳбарлари учун тажриба алмашиш, малака ошириш ва фаолиятни янги босқичга кўтаришда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади», — дейилади Шерзод Асадовнинг тадбир очилишидаги нутқида.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Ўзбекистонда долларнинг расмий курси ўзгарди
- Президент Исмоил Жўрабеков вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди
- Ўзбекистон ва Туркманистон: барқарор ривожланиш йўлидан бораётган давлатлар
- Тадбиркорлар янгича ёндашувлар асосида қўллаб-қувватланади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг