Маҳалла сервис компанияси аҳоли хизматида

Ўрта Чирчиқ туманидаги «Дўстлик» маҳалласида бўлганмисиз? Уч минг олти юздан зиёд аҳоли, 685 хонадон, 1100 оилалардан иборат бу маҳаллада деҳқончилик ва чорвачилик ривожланган бўлиб, бу маҳаллада илғор тадбиркорлар, тажрибали чорвадорлар истиқомат қилади. Бугунги кунда қулупнайчилик ва қўзиқорин етиштиришда бой тажрибага эга бўлиб, шу соҳаларни замонавий технологиялар ёрдамида ривожлантираётган ишбилармон тадбиркорлар ҳам шу маҳаллада яшайди. Ўн учта кўчадан иборат маҳалла кундан-кунга яшил маконга айланмоқда.
Ҳозирги кунда тажриба тариқасида мамлакатимиздаги 208 та маҳаллада ташкил этилган «маҳалла сервис компаниялари» Ўрта Чирчиқ туманидаги «Дўстлик» маҳалласида фаолият юритмоқда. «Маҳалла сервис компанияси»нинг илк бор шу ерда очилиши унинг «Энг намунали маҳалла» деб топилганидан далолат беради. Яқинда очилган мазкур компанияда 23 турдаги хизматлар мавжуд.
– Маҳалла сервиси маҳаллалар ободлигини таъминлаш, аҳоли ва коммунал хизмат ташкилотлари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида ташкил этилган, – дейди «Дўстлик» маҳалласи раиси Рустам Худойбердиев. – Сервис компаниялари хизматларига тўлов қилиш учун маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳар ой 20 миллион сўмдан маблағ ажратилди. Уларнинг аҳолига 20 дан ортиқ ижтимоий пулли хизматлар кўрсатиши имконияти ҳам яратилди. Бунда маҳаллада яшовчи усталар ва вақтинча ишсизларнинг бандлиги ҳам таъминланмоқда.
Маҳалла орасталигини таъминлаш, чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилишини назорат қилиш, гилам ювиш, дарахтларни кесиш ва шакл бериш, оқлаш, томорқаларни тартибга келтириш каби юмушларни бажаришга 7 нафар ходим ажратилган. Улар буюртмаларни олиб, шартнома асосида фаолият юритади.
Биз «Маҳалла сервис компанияси»нинг иш фаолияти билан танишиш мақсадида келганимизда, ободонлаштириш ходими Абдураҳим Тастанбеков Муҳриддин Мирхўжаевни маҳалланинг «Дўстлик» кўчаси 27-уйда истиқомат қилувчи Лоян Раҳимнинг хонадонига буюртмани бажариш мақсадида жўнатаётганининг гувоҳи бўлдик. Компания ходими Муҳриддин иш қуролини олиб, буюртмани бажаришга, яна бир ходим Гулнора Сидиқова эса маҳалла фуқаролар биноси ёнидаги дарахтларни суғориб, теварак-атрофни тартибга келтиришга отланишди.
«Маҳалла сервис компанияси» маҳалла ҳудудида жойлашган ҳолда, теварак-атрофи гулзор, гўзал маскан бўлибди. Давлат томонидан 70 миллион сўмга берилган 12 хил турдаги асбоб-анжомлар учун алоҳида хона ажратилган. Кимга қандай ускуна керак бўлса, бемалол олиб кетаверади.
– Меҳнат фаолиятимизни ёндош ҳудудлардаги маҳалла раислари ҳам келиб ўрганмоқда. Қўшни «Қорасув», «Тинчлик», «Уйғур», «Тараққиёт» ва «Халқобод» маҳаллаларига ҳам хизмат кўрсатяпмиз, – дейди компания раҳбари Умиджон Алияров.
Маҳалла тизимидаги бундай имкониятларга бой ўзгаришлар келажакда яхши натижалар беришига ишонган маҳалла аҳли нурли манзиллар томон дадил одимламоқда.
Отабек ИСРОИЛОВ
«Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Жаҳон олимлари нигоҳи яна Ўзбекистонга қаратилди
- Ўзбекистонда доллар курси пастлади
- «Бунёдкор» мураббийи Сергей Арсланов вафот этди
- Президент Ўзбекистон ўқитувчи ва мураббийларига табрик йўллади
- Экрандаги қабоҳатнинг ҳаётдаги акси ёки енгил-елпи сериаллар жамиятга нима беряпти?
- Нью-Йорк манзаралари
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг