«Бизнинг кучимиз — бирликда, муваффақият сари йўлимиз — дўстлик ва ҳамкорликда»

11:28 22 Ноябрь 2025 Сиёсат
175 0

Бугунги кунда Марказий Осиё ўзига хос барқарор ва бирдамлик минтақасига айланди. Бу қардош халқларнинг азалий орзуси эди. Минтақада нафақат барча соҳадаги масалалар ечилмоқда, балки бугун давлатларнинг сиёсий иродаси ва қардош халқларнинг интилишлари бир-бири билан уйғун ва муштаракдир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг яқин қўшничиликка асосланган ташқи сиёсатини барча қардош давлатлар раҳбарлари қўллаб-қувватлаб келмоқда. 2018 йилда Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи Маслаҳат учрашувидан кейин ўтган қисқа даврда бу формат ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва барча муаммони амалда тўлақонли ҳал қилиш, имкониятларни бирлаштириш ва энг муҳими, минтақани биргаликда ривожлантиришнинг мустаҳкам институционал асосини ифода этмоқда.

Глобал мулоқот институтидан стратегик мақсадлар сари

2025 йил 16 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи Маслаҳат учрашуви бу форматдаги мулоқотларни тубдан янги босқичга олиб чиқди. Учрашувлар арафасида Президентимизнинг “Марказий Осиё янги давр остонасида” сарлавҳали мақоласи эълон қилиниши мулоқотларга ўзига хос мазмун, кўтаринки руҳ ва кайфият бағишлади.

Давлатимиз раҳбарининг мазкур мақоласи минтақавий тузилмадан глобал мулоқот институтига айланиб бораётган ташкилотнинг стратегик мақсадларини аниқ белгилаб берди.

Мақолада Марказий Осиёнинг умумий манзараси таҳлил ва аниқ статистик маълумотларга таянган ҳолда очиб берилгани, шунингдек, минтақанинг келгусида биргаликда тараққий этиш имкониятлари ҳақида сўз юритилгани аҳамиятлидир.

Ҳозирги геосиёсий беқарорлик шароитида Марказий Осиёнинг иқтисодиёти ва транзит салоҳияти кўпгина давлатларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Ҳақиқатан ҳам, Марказий Осиё қуруқлик йўлларини туташтирадиган минтақага айланмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг таклифи ва қардош давлатлар раҳбарларининг қўллаб-қувватлаши билан минтақавий мулоқотнинг маслаҳат шакли айнан Тошкентда “Марказий Осиё ҳамжамияти”га айланди. Президентимиз томонидан ҳамкорликнинг институционал архитектурасини мустаҳкамлаш, яъни учрашувлар форматини “Марказий Осиё ҳамжамияти” стратегик платформасига айлантириш, Котибиятни таъсис этиш, Оқсоқоллар кенгашини тузиш, миллий мувофиқлаштирувчилар мақомини кўтариш таклиф қилингани муҳим аҳамият касб этди.

Маслаҳат учрашуви фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини таъминлашда унинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, ҳамкорликни институционал жиҳатдан расмийлаштириш бўйича қадамлар ҳам муҳим аҳамиятга эга. Бу борада 2023 йилда Душанбе шаҳрида ўтказилган бешинчи Маслаҳат учрашувини қайд этиш лозим.

Президентимиз мақоласида таъкидланганидек, мазкур учрашувда давлатлар раҳбарларининг келишувларини тайёрлаш ва амалга оширишнинг доимий механизми сифатида Миллий мувофиқлаштирувчилар кенгашини таъсис этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. Ушбу механизмнинг ишга туширилиши Маслаҳат учрашувлари форматига тизимли тус бериш ва биргаликда илгари сурилган ташаббусларни амалга оширишда изчилликни таъминлаш имконини берди. Шунингдек, парламентлараро мулоқот ва Хавфсизлик кенгашлари котиблари даражасида мунтазам учрашувлар йўлга қўйилган.

2022 йилда бўлиб ўтган Чўлпонота учрашуви якунлари бўйича суверен тенглик, ўзаро қўллаб-қувватлаш ва минтақа келажаги учун биргаликдаги масъулият тамойилларини ўзида акс эттирган XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш мақсадларида дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши шартномавий-ҳуқуқий базани янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.

2024 йилда Остона саммитида қабул қилинган “Марказий Осиё — 2040” минтақавий кооперацияни ривожлантириш концепцияси муҳим дастурий ҳужжат бўлди. Унда минтақавий хавфсизликни таъминлаш ва мамлакатларимиз тараққиётига қаратилган ҳамкорликнинг узоқ муддатли устувор йўналишлари мустаҳкамлаб қўйилди.

Давлатимиз раҳбарининг мақоласи халқаро ҳамжамият томонидан ижобий баҳоланди. Сиёсатчилар, экспертлар, таҳлилчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Ташаббусларда ҳамкорлик масалалари устувор

Тошкент саммитида Озарбайжон Республикаси мулоқотларнинг тўла ҳуқуқли аъзоси сифатида қабул қилинди. Бу, албатта, жуда катта тарихий воқеадир. Аввало, Озарбайжон халқини Марказий Осиё халқлари билан тарихий илдиз мустаҳкам боғлаган. Озарбайжон Марказий Осиё давлатларининг халқаро миқёсдаги барча ташаббусини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Минтақаларни ажралмас савдо йўли боғлайди. Жанубий Кавказ орқали Марказий Осиё мамлакатлари ғарбий, Озарбайжон эса Марказий Осиё савдо йўллари билан шарқий бозорларга чиқишдан манфаатдор.

Президентимизнинг Маслаҳат учрашувидаги нутқи минтақанинг бугунги ва келажаги учун жуда муҳим дастурий мақсадларни қамраб олди. Нутқда барча мамлакатларнинг манфаатларига бирдек мос келувчи инвестиция, инфратузилма, экология, сув ресурслари, транспорт ва логистика соҳаларини ривожлантиришнинг самарали ечимлари таклиф қилинди.

Ўзига хос сиёсий якдиллик, самимий ва дўстона руҳда ўтган саммитда Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари, шунингдек, Озарбайжон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббусларда ҳам ҳамкорликнинг устувор мақсадлари яққол акс этди.

Давлатлар раҳбарлари минтақа хавфсизлигини кафолатли таъминлаш, барча қардош халқларимизнинг бахтли ва фаровон келажаги учун биргаликда ҳаракат қилиш борасидаги умумий сиёсий иродасини ифода этди. Бу ниҳоятда катта ва жуда муҳим натижадир.

Оммавий ахборот воситаларида, жумладан, халқаро миқёсдаги нуфузли медиатузилмаларда жуда катта қизиқиш билан ёритилган, таҳлилчи ва экспертларнинг диққат марказида бўлган саммит халқаро ҳамжамиятга тинчлик, ҳамкорлик ва барқарор тараққиёт овозини яна бир бор баралла айта олди.

Тарихий қадриятларни бирлаштирган марказ

Мулоқотларнинг яна бир тарихий аҳамияти давлатлар раҳбарларининг Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига биргаликда ташриф буюрганида кўринди. Бунда, албатта, халқларимизнинг ажралмас тарихий қадриятлари ва мустаҳкам асосга эга бўлган истиқболининг руҳи сезилди. Зотан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ташкил этилган ушбу марказдаги барча ёдгорликлар, жумладан, мусулмон оламининг ноёб дурдоналари қардош халқларимизнинг умумий тарихи ва тафаккурини ўзида мужассам қилган.

Ушбу марказ ислом цивилизациясининг бебаҳо меросини асраб-авайлаш ва тарғиб этишга бағишланган ноёб манбаларни бир жойга жамлаган тарихимиздаги илк мажмуа сифатида минтақа етакчиларида катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон минтақанинг умумий масалаларини ҳал қиладиган марказга айланиб бораётгани ҳам алоҳида қайд этилди.

Ҳақиқатан ҳам, минтақанинг бой умумий меросини сақлаш ва унинг тарғиботи борасидаги Ўзбекистоннинг кенг кўламли саъй-ҳаракатлари эътирофга сазовор.

Парламент дипломатиясининг ўрни ва роли

Қонунчилик палатаси мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шерикликни қўллаб-қувватлайди ҳамда ушбу форматнинг минтақавий барқарорлик, фаровонлик ва интеграциянинг янги босқичи бўлишига ишонади. Қўмиталарда, сиёсий партиялар фракцияларида ушбу муҳим тарихий воқеа қизғин муҳокама қилинди.

Албатта, саммитда илгари сурилган ташаббуслар ва эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишда парламентлараро алоқалар ва халқ дипломатияси муҳим ўрин тутади.

Шу ўринда айтиш жоизки, кейинги саккиз йилда Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон парламентлари билан алоқалари динамикаси мунтазам ўсиб борди. Қонунчилик палатасининг қардош давлатлар парламентлари билан “дўстлик гуруҳ”ларининг вазифа ва ваколатлари янада кенгайтирилиб, уларнинг мақоми оширилди. Ўзаро самарали ташрифлар сони кўпаймоқда.

Шу йилнинг ўзида, жумладан, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Туркманистон парламентлари делегациялари билан бир неча марта мулоқотлар амалга оширилди. Халқаро майдонларда ҳамфикрлилик ва бир-бирини қўллаб-қувватлаш руҳи шаклланди.

Булардан кўзланган асосий муддао минтақада умумий мақсадларга хизмат қилувчи парламент дипломатияси маданиятини янада мустаҳкамлашдан иборат.

Президентимизнинг саммитда илгари сурган амалий ташаббуслари парламент фаолиятида ҳам қатор янги, долзарб йўналишларни очиб бермоқда. Эришилган келишувларни амалга оширишга қаратилган қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш асосий вазифамиздир.

Зеро, давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқида алоҳида таъкидлаганидек, бизнинг кучимиз — бирликда, муваффақият сари йўлимиз — дўстлик ва ҳамкорликда.

Нуриддин ИСМОИЛОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер